Янгиликлар - 19:28 · 25.11.2021

Фарғонада ота алимент пули ўрнига «Matiz» совға қилди

Фарғона вилояти Риштон туманида ота фарзандига алимент ўрнига машина совға қилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор С.И.дан ундирувчи М.И. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган ва 2019 йил 5 март куни ижро иши қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор С.И. собиқ турмуш ўртоғи М.И. билан ўзаро келишган ҳолда ушбу фарзанди 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган алимент пули ўрнига «Matiz» автомашинасини нотариал тартибда унинг номига расмийлаштириб берган ва ундирувчининг аризасига асосан ижро ҳужжати тамомланган.

Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида зарур ишлар давом эттирилмоқда.