Кобул аэропортини қайси давлат назоратга олиши мумкинлиги маълум қилинди
Бирлашган Араб Амирликлари «Толибон» ҳаракати билан Кобул халқаро аэропортини бошқариш бўйича музокаралар олиб бораётгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Таъкидланишича, БАА расмийлари сўнгги ҳафталарда «Толибон» ҳаракати билан бир қатор музокара ўтказган. Ушбу аэропорт денгизга чиқиш имкони бўлмаган Афғонистоннинг дунёга чиқиши учун асосий «ҳаво дарвозаси» ҳисобланади.
Манбаларнинг айтишича, «Толибон» ҳаракати ҳокимиятга келгач, қатарликлар турклар билан бирга аэропортни бошқаришга ёрдам берган ва бу аэропорт Америка қўшинлари кетганидан сўнг аҳолини мамлакатдан олиб чиқишда муҳим роль ўйнаган. АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган Афғонистоннинг эски ҳукумати даврида аэропорт БАА ёрдами билан ишлаган. Ҳозирда Амирлик назоратни қайта қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда.
Келтирилишича, «Толибон» ҳаракати бу борада Қатар билан ҳали расмий келишув тузмаган, аммо БААдан молиявий ёрдам сўраган. Бу аэропорт масаласи билан боғлиқ ёки йўқлиги ҳозирча номаълум. Бундан ташқари, ҳаракат бир неча бор мамлакатда хорижий кучларнинг бўлишига қарши эканини билдирган.
Айни дамда Қатар кучлари аэропорт атрофини, «Толибон» махсус кучлари эса унинг ташқарисидаги ҳудудларни қўриқламоқда.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Кобул аэропортини қайта номлаганди. Шунингдек, Кобул аэропорти кимнинг назоратига ўтиши маълум қилинганди.