МИБ 3 мингдан ортиқ қарздорни қидираётгани маълум бўлди
Уларнинг мингдан ортиғи четга чиқиб кетган
Мажбурий ижро бюроси томонидан ҳозирда 3 минг 264 нафар қарздорни қидириб топиш чораси кўрилмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда бюро ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.

Таъкидланишича, амалга оширилган тезкор-қидирув фаолияти натижасида 2021 йилнинг ўтган даврида қарздорлиги туфайли 7 минг 800 дан зиёд жисмоний шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, шундан 4 минг 500 нафардан (58 фоиз) ортиғи топилиб, мажбурий ижро ҳаракати ўтказилган.
Ҳозирда 3 минг 264 нафар қарздорни қидириб топиш чораси кўрилмоқда, ушбу шахсларнинг 2 минг 149 нафари республика ҳудудида яшириниб юргани, 1 минг 115 нафари эса турли мақсадда чет элга чиқиб кетгани аниқланган.
Қидирувдаги шахслар топилиши натижасида қарздорлардан жами 30 миллиард 700 миллион сўм, шу жумладан, 22 миллиард 800 миллион сўм алимент пули ундирилиб, вояга етмаганларнинг моддий таъминот олиши таъминланган.
Бюро органларида суд ҳужжатларига асосан, фарзандларнинг она тарбиясига олиб бериш билан боғлиқ 57 та ижро иши амалда тамомланди. Қолган ишлар бўйича қидирув ҳаракати давом этмоқда.
Аввалроқ Хоразмда қарздорга тегишли 2 та «Captiva» хатлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Жиззахда тадбиркор фойдасига 252 миллион сўм қарз ундириб берилган.