12:04 | 25.11.21 103

Молия вазирлиги: «2022 йилда давлат ички қарзи кўпайиши мумкин»

Ички қарзнинг 2022 йил учун максимал лимити белгиланди

Молия вазирлиги департамент директори Жасур Қаршибоев 2022 йил учун ҳукумат таклиф этган давлат бюджети лойиҳасида давлат ички қарзини жалб этиш максимуми 6 триллион сўмгача этиб белгилангани ҳақида гапирди, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Департамент директорининг маълум қилишича, давлат қарзини самарали бошқариш стратегияси доирасида, асосан, қарз портфелини диверсификация қилиш ва валюта хатарини камайтирган ҳолда миллий валютада ички бозорда ёки ташқи бозорда қарз жалб қилишга ҳаракат қилинмоқда.

«Ҳукумат томонидан парламентга киритилган келгуси йил учун бюджет лойиҳада 6 триллион сўм миқдоридаги ички қарз жалб қилиниши режалаштирилмоқда. Ўтган йили бу 5 триллион миқдорида эди, ҳозир 6 триллон сўм. Бу босқичма-босқич амалга оширилиб борилмоқда. Ички бозорда молиявий ресурсларни нисбатан чеклангани шароитида асосий эътиборда бўлган ташқи инвесторларни Ўзбекистоннинг давлат қимматли қоғозларига инвестиция қилиш учун шароит яратиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган», — дейди у.

Ўзбекистон ҳукумати 2020 йил ноябрь ойида илк маротаба миллий валютада икки триллион сўмлик евробондни Лондон биржасига жойлаштирганди. Молия вазирлиги келгусида хатарларни камайтириб, миллий валютада қарз жалб этиш масаласига эътибор қаратишини билдирганди.

«Ҳозирги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш киритиш бўйича иш олиб борилмоқда, йил якуни бўйича бу ўзгартишлар киритилса, кейинги йилда регулятив нуқтаи назардан жисмоний шахсларга ҳам, барча юридик шахсларга ҳам, норизидентларга ҳам давлат қимматликларини олиш бўйича чекловлар олиб ташланади», — дея таъкидлади Жасур Қаршибоев.

Маълумот учун, 2022 йилда Ўзбекистон давлат ташқи қарзи учун ўрнатилган лимит 4,5 миллиард доллар бўлиши кутилмоқда. Бу жорий йил амал қилган чекловга нисбатан 500 миллион доллар паст, 2020 йилга нисбатан эса 1 миллиард доллар камайган. Келгуси йил якунида Ўзбекистон қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 40 фоизгача ошиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакат ташқи қарзи учун ўрнатилган лимит 2022 йилда ўзгариши мумкинлиги хабар қилинганди.