Наманган вилояти Чортоқ туманида эркак жанжални тўхтатишга уринган профилактика инспекторини пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, танишига 2020 йил декабр ойида 4,5 миллион сўм қарз берган эркак салкам бир йил ичида пулини қайтариб ололмаганлигини айтиб, туман ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилиб, қарзни ундириб беришни сўраган.

Профилактика катта инспектори, капитан Обид Ботиров қарздорнинг уйига бориб, вазиятни тушунтирган. Қарздор ички ишлар бўлимига бориши кераклигини эшитгач, уйидан ошхона пичоғини олиб чиқиб, танишига ташланган. Шу вақтда пичоқ эркакни ҳимоя қилишга уринган инспекторга санчилган. Воқеа оқибатида ходим тумандаги тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Муолажалар ёрдамида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 18 ёшли йигит профилактика инспекторини пичоқлаганди. Шунингдек, Бухорода эркак профилактика инспекторини уриб, жароҳат етказгани хабар қилинган.