Нукусда ижарада яшовчи талаба ис газидан заҳарланиб вафот этди
Нукус шаҳрида 24 ноябрь куни ижарада яшовчи педагогика институти талабаси Р.Р ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа соат 07:00 атрофида 22-кичик туман 8/6-уй 43-хонадонда содир бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан марҳум Р.Р.га нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ҳолат бўйича Нукус шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аниқланишича, уйда шу куни марҳумдан ташқари яна 6 киши бўлиб, Р.Р. ошхонада, қолганлар бошқа хоналарда ухлагани сабабли улар ис газидан заҳарланмаган. Текшириш ҳаракатлари Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Аввалроқ Фарғона туманида ўтар кечаси ота ва ўғил ис газидан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинган. Шунингдек, Самарқанд вилояти Нарпай туманида бир оиланинг 4 нафар аъзоси ис газидан вафот этгани маълум бўлган.