Россиядан Ўзбекистонга 24 ноябрь куни биринчи «Aгроэкспресс» поезди етиб келди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати

Маълум қилинишича, поезд Тошкентга музлатилган парранда гўшти партиясини етказиб берган. Тажриба сифатида контейнерлар партияси чегара ва божхона тартиб-қоидаларидан ўтиш, маршрут бўйлаб товар хавфсизлиги сифатини синовдан ўтказиш имконини берган ҳамда кейинги қатновларгача юк етказиб бериш жараёнини соддалаштириш ва такомиллаштириш имкониятини кўрсатган.

Мамлакатлар ўртасида «Aгроэкспресс»нинг барча технологик ва назорат масаласи ишлаб чиқилгандан сўнг улар мунтазам ва тўлақонли бўлади.

Аввалроқ Ўзбекистонда гўшт ва ун нархи арзонлашиши, бу борада Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2021 йилнинг кузидан «Aгроэкспресс» тезюрар рефрижератор контейнерли поездларда агросаноат юкларини ташиш йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилган эди. Агросаноат юкларининг поезд орқали ташилиши Ўзбекистонда гўшт ва ун нархининг арзонлашишига сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Россияга мева-сабзавот етказиб беради. Ўзбекистондан Россияга дастлабки синов aгроэкспресни (қарийб 40 вагон) 2021 йилнинг кузида жўнатиш режалаштирилганди. Худди шу темир йўл состави Россиядан Ўзбекистонга қарама-қарши импорт оқимини таъминлаб беради. Меморандум «Uzagrologistics Centers», «Россия экспорт маркази» АЖ, «РЖД Логистика» АЖ бош директорлари Ноуфалбек Сабиров, Вероника Никишина ва Дмитрий Мурев томонидан имзоланган.