Диктатор сифатида 2011 йилда ўлдирилган Ливия инқилобий сиёсатчиси Муаммар Қаддафийнинг ўғли Саиф ал-Ислом мамлакат президентлигига номзодлар қаторидан чиқариб ташланди. Бу ҳақда «Al Jazeera» хабар берди.

Фото: «Anadolu Agency»

Маълум қилинишича, Ливия собиқ раҳбари Муаммар Қаддафийнинг ўғли Саиф ал-Ислом ҳамда яна бир неча киши мамлакатдаги президентлик сайловлари учун номзодлар рўйхатидан чиқарилган.

Хабар берилишича, Ливия бош прокурори юридик сабабларга кўра президентликка номзод бўлишни истаган тўрт нафар номзоднинг ҳужжатини қабул қилмаган. Тўрт киши, жумладан, Саиф ал-Исломнинг номзод сифатида кўрсатилиши маълум бир шартларга жавоб бермаган. Шу билан бирга, Ливия Олий сайлов комиссияси президентлик сайловларида қатнашиш учун ариза берган аризачининг жараёндан четлатилгани бўйича ҳали ҳеч қандай расмий ҳужжат олмаганини очиқлаган.

Таъкидланишича, 22 ноябрь куни Ливия сайлов комиссияси мамлакат ҳарбий прокурорининг Саиф ал-Ислом ва фельдмаршал Халифа Ҳафтарни президентлик сайловлари учун номзод сифатида рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги илтимосини рад этган. 21 ноябрь куни эса ҳарбий прокурор ушбу номзодларни уларга «қўйилган айбловлар бўйича» терговга қилинмагунига қадар номзод сифатида кўрсатиш тартибини тўхтатишни талаб қилган.

Қайд этилишича, Ливия собиқ раҳбарининг ўғли 14 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этиш учун ариза берган. У жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва унга 57 фоиз ливияликлар ишонади. Журналистларнинг таъкидлашича, Саиф Қаддафийнинг асосий сиёсий шиори — Араб баҳори ва Ливияда юз берган инқилобга нафрат. Саифнинг мурожаатлари марказида отасининг диктатурасига бўлган носталжи ётади ва бу туйғу Ливияда кенг тарқалган ҳисобланади. Ливияда президентлик сайловлари 24 декабрь куни бўлиб ўтади.

Аввалроқ Муаммар Каддафийнинг ўғли Ливия президенти бўлмоқчилигига ишора қилганди. Шунингдек, Муаммар Каддафийнинг шахсий котиби қамоқдан озод қилингани ҳақида хабар берилган.