Самарқанд шаҳрида машинасида қарама-қарши йўналиш бўйлаб ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram/ @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, «Malibu» ҳайдовчиси автомашина рақамини ечиб олиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган. Қоидабузарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125 ҳамда 128⁵-моддаси тартибида баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Шунингдек, ЙҲХББ «Nova24» каналида эълон қилинган видеога муносабат билдирган.

Аввалроқ Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида ҳайдовчи «Lacetti»да қарама-қарши йўналиш бўйлаб ҳаракатлангани хабар қилинган. Шунингдек, Бухорода ҳайдовчи «Cobalt»да қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб, қизил чироқда ўтиб кетганди.