Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни Покистон бош вазири Имрон Хон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, давлат раҳбари бош вазир Имрон Хонни таваллуд куни билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик ва муваффақият, Покистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган. Суҳбат чоғида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари ҳамда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилган.

Шунингдек, мулоқотлар фаоллашгани, икки томонлама товар айирбошлаш кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсгани ва ишбилармонлар ўртасидаги кооперация кучайгани қайд этилган. Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, фармацевтика ва кимё саноати, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқлари, бошқа соҳалардаги инвестиция лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган. Етакчилар минтақада йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган. Бундан ташқари мулоқот давомида бўлажак учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хитой раиси билан телефон орқали мулоқот қилганди. Шунингдек, давлат раҳбари Озарбайжон президенти билан телефон орқали мулоқот қилгани айтилган.