Тошкент вилоятидаги Ўзбекистондаги иккинчи энг йирик гидроэлектр станцияси қурилиши сабабли 25 ноябрь куни Пском дарёси тўсиб қўйилди. Бу ҳақда «O’zbekgidroenergo» акциядорлик жамияти матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «O’zbekgidroenergo» акциядорлик жамияти матбуот хизмати

Маълум бўлишича, акциядорлик жамияти томонидан қурилаётган «Пском ГЭС»ининг 1-тўсиқ дарвозаси ёпилиши муносабати билан хорижий ҳамкор ташкилотлар вакиллари, жамият бошқаруви, ижро аппарати раҳбарияти, соҳа мутахассислари, қурилиш ва пудрат ташкилотлари масъуллари, шунингдек, бир гуруҳ босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида тадбир ташкил этилган.

Қайд этилишича, Президентнинг 2017 йил 2 майдаги «2017–2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги ПҚ-2947-сон қарорига асосан узунлиги 73 километр бўлган Пском дарёсида умумий қуввати 1 320 мегаватт ва йиллик ўртача ишлаб чиқариши 3 140 миллион киловатт соат бўлган 5 та йирик ГЭС қуриш кўзда тутилган. Шулардан бири Пском ГЭСи ҳисобланиши таъкидланган.

«O’zbekgidroenergo» акциядорлик жамияти матбуот хизмати

Шунингдек, Пском ГЭС йирик объектлардан бири бўлиб, Тошкентдан шимоли-шарқда 120 километр масофада, Чорвоқ сув омборидан 45 километр тепада жойлашган. ГЭСнинг электр энергия имконияти 400 МВт ни ташкил этиши таъкидланган. Бундан ташқари, катталиги бўйича Пском ГЭС Чорвоқ ГЭСдан кейин иккинчи ўринни эгаллаши айтилган. Пскем ГЭС йилига 950 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Айтилишича, Пском сув омбори тўла ҳажмда 511,2 миллион метр куб сувни ташкил қилиб, ундан олинадиган самарали сув эса 468,9 миллион метр кубни ташкил қилади. ГЭС қуввати йилига 300 минг тонна шартли ёнилғи ўрнини босади. Таъкидланишича, бу билан 250 миллион метр куб табиий газни тежаб қолиш мумкин.

2022–2026 йиллар мобайнида 387,6 миллион долларга тенг бўлган тўғон қуриш ишларини амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур тўғонни барпо этиш юзасидан Пском ГЭСнинг 1-тўсиқ дарвозасини ёпиш ишлари бошланган. Эндиликда Пском дарёси суви Пском ГЭСнинг 1-тўсиқ дарвозаси орқали оқиб ўтиши айтилган. Лойиҳа тўлиқ 2026 йилда фойдаланишга топширилади ҳамда йилига ўртача 946,1 миллион киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича қувватлар яратилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Тожикистон билан бирга иккита ГЭС қурмоқчилиги айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистондаги бир нечта ГЭСлар янгидан қурилиши хабар қилинган.