Тошкент шаҳри Бектемир туманида 25 ноябрда машинанинг юкхонасига ортилган бетон устунлар кабинага кириб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: ЙҲХББ ахборот хизмати

Қайд этилишича, воқеа соат 07:30 атрофида туман ҳудудидан ўтган Сергели–Бўстонлиқ автомобиль йўлининг 18-километрида содир бўлган. Қайд этилишича, 26 ёшли ҳайдовчи О.Т. «Камаз» юк машинасида ҳаракатланаётиб, кескин тормоз берган ва юкхонада бўлган бетон устунлар жойидан силжиб, автомобилнинг кабина қисмига зарар етказган.

Оқибатда О.Т. енгил тан жароҳати билан шифохонага мурожаат қилган. Ҳозирда ҳайдовчининг аҳволи яхши. Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан суриштирув иши олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманган вилоятида Қамчиқ довонидан ўтган автомобиль йўлида ҳаракатланиб келаётган юк машинаси ағдарилиб кетгани хабар қилинганди.