Президент Жаҳон божхона ташкилоти бош котибини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Ўзбекистон Жаҳон божхона ташкилотига 1992 йилдан бери аъзо бўлиб, кейинги йилларда мазкур ташкилот билан ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашган.
2019 йилда ҳамкорликнинг «йўл харитаси» қабул қилинган. Ўзбекистон Киото ва Истанбул конвенцияларига қўшилган ҳамда Савдога кўмаклашиш глобал дастурида иштирок этиш тўғрисидаги битимни имзолаган. Унинг доирасида 12 та тадбир ўтказилган. Ташкилот кўмаги билан 2020 йил январь ойида «Ягона дарча» автоматлаштирилган тизими, Божхона назоратини мувофиқлаштириш бўйича ситуацион марказ ишга туширилган. Яқинда мамлакат Божхона лабораторияси Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий лабораторияси мақомини олган.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти ушбу халқаро тузилманинг тадқиқотлар дастурида аккредитациядан ўтган. Божхона ходимларининг малакасини оширишга кўмаклашилмоқда. Кейинги бир неча йилда 200 нафардан зиёд божхоначи ташкилотнинг қисқа муддатли ўқув курсларида иштирок этган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида ўтган минтақа мамлакатлари божхона хизматлари вакилларининг учрашуви ҳам самарали бўлгани қайд этилган. Бош котиб Кунио Микурия билан учрашувда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Рақамлаштириш, илғор халқаро стандартларни жорий этиш, интеллектуал тизимлардан фойдаланган ҳолда божхона постларини модернизация қилиш, коррупция, контрабанда ва божхона соҳасидаги қоидабузарликларга қарши курашиш борасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, мутахассислар тайёрлаш ва бошқа йўналишларда қўшма тадбир ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш муҳим экани қайд этилган. Мамлакат тез фурсатда Жаҳон савдо ташкилотига кириши билан боғлиқ масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиш зарур экани таъкидланган. Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги амалий шерикликни кенгайтириш бўйича янги «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқининг Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас бошчилигидаги делегациясини қабул қилганди.