Қирғизистонда давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳаси тайёрланди
Қирғизистон президенти ҳузуридаги давлат тили ва тил сиёсати миллий комиссияси «Давлат тили тўғрисида»ги янги конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда «Manas.news» хабар берди.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасида қирғиз тилининг жамият ҳаёти барча жабҳаларида кенг тарқалиши кўзда тутилган. Шунингдек, қирғиз тили мустақил Қирғизистон аҳолисининг тили ва энг қадимий тиллардан бири бўлиб, унда беқиёс маданий қадриятлар шакллангани айтилган.
Лойиҳада айтилишича, қирғиз тилининг расмий тил мақоми Конституцияда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Қирғизистонда рус тили ҳам расмий тил ҳисобланади. Қирғиз тилига оид янги лойиҳа парламентда маъқуллангандан кейин президент Садир Жапаровга тақдим этилади.
Аввалроқ Қирғизистонда ҳаво ифлосланишига қарши комиссия тузилганди. Шунингдек, мамлакатда 2020 йилги тартибсизликлар бўйича суд иши бошланди.