Саудия Арабистонида сузувчи саккиз бурчакли шаҳар қурилади — видео
Саудия Арабистони ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган «Neom» компанияси Қизил денгизда «Oxagon» номли саккиз бурчакли сузувчи шаҳар қуриш режасини эълон қилди. Бу ҳақда «Bussines Insider» хабар берди.

Маълум қилинишича, «Oxagon» қиролликнинг шимоли-ғарбий қисмида қурилиши режалаштирилган улкан «Neom» ақлли мегаполис шаҳрининг чеккасида жойлашади. У дунёдаги энг катта сузувчи тузилмага айланиши ва «дунёдаги биринчи тўлиқ автоматлаштирилган порт, интеграциялашган логистика маркази уйи» бўлиши айтилган.
Таъкидланишича, ноль даражали чиқиндисиз шаҳар 100 фоиз тоза энергияда бўлиб, саноат раҳбарларининг диққат марказига айланади. Шу билан бирга, «Neom» ҳозирча лойиҳа қанчага тушиши ва шаҳар қандай қилиб ривожлантирилиши ҳақида маълумот бермаган.
Маъдлумот ўрнида, «Neom» Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг ташаббуси ва унинг консерватив қиролликни модернизация қилиш бўйича 13 йиллик режасининг «Vision 2030» деб номланган энг муҳим лойиҳаси ҳисобланади. «Neom» Қироллик ҳукумати инвестиция фонди томонидан молиялаштирилади. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад мазкур фонд ва компаниянинг бошқарув раиси ҳисобланади.
Аввалроқ Жанубий Корея соҳилларида дунёдаги биринчи сузувчи шаҳар қурилиши хабар берилган. Шунингдек, Америкадаги саҳрода экологик тоза шаҳар қурилиши маълум қилинганди.