Шавкат Мирзиёев Элбоши билан телефон орқали мулоқот қилди
Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, суҳбат аввалида давлат раҳбари Элбошини яқинлашиб келаётган байрам —Қозоғистон биринчи президенти куни билан табриклаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги зафарлар, биродар Қозоғистон халқига бардавом тараққиёт ва равнақ тилаган.
Нурсултон Назарбоевнинг замонавий Қозоғистонни барпо этиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришдаги тарихий ўрни ва улкан шахсий ҳиссаси қайд этилган. Мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага кўтарилгани таъкидланган.
Шунингдек, 2021 йил бошидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошгани, икки мамлакатнинг етакчи компания ва корхоналари ўртасидаги саноат кооперацияси кенгайиб бораётгани таъкидланган.
Маълумот учун, бугун, 26 ноябрь куни Туркистон шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукумат раҳбарлари иштирокида ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва ҳудудлар форуми ўтказилмоқда. Бундан ташқари, маданий-гуманитар алмашинувга доир муҳим дастурларни амалга ошириш фаол давом эттирилмоқда.
Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилиб, бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга кондаги портлаш юзасидан ҳамдардлик билдирганди.