«Шунча йил бу ‘касаллик’ яширилган, гўёки муаммо йўқдек» — Светлана Ортиқова
Тошкентда 26 ноябрь, жума куни «Янги Ўзбекистонда оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш: муаммо ва ечимлар» номли конференция ўтказилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, анжуман Бош прокуратура ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ўтказилган. Унда бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, халқаро ташкилотлар (БМТ, ЙХҲТ), чет давлат элчихоналари ва давлат ташкилотлари ходимлари иштирок этди.
Келтирилишича, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида судлар томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 2012 та жиноят ишлари кўрилган бўлиб, уларда 1629 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукмлари чиқарилган. Ушбу тоифадаги жиноятларни содир этганларнинг 80 фоизи ҳеч қаерда ишламайдиган шахслар, 19 фоизини эса аёллар ташкил этади.
«Инсоният ҳам аёлга, ҳам эркакка тенг шароит яратгани билан фахрлана олмайди. Бизнинг давлатимизда шунча йил бу ‘касаллик’ яширилган, гўёки муаммо йўқдек. Давлат раҳбаримизнинг сиёсий иродаси орқали бу муаммо жуда юқори даражага чиқди. Биз ҳозирда оилавий, маиший зўравонликка қарши тарбияни боғчадан ўргатишни бошладик.
Озгина фурсат беринглар, биз Ўзбекистоннинг бу соҳадаги эришадиган натижаларини юқори минбарлардан хабар қиламиз ва хорижий ҳамкорларни Ўзбекистонга чақириб, ишларни кўрсатамиз», — деди Светлана Ортиқова ўз нутқида.

Ҳозирда хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва ижтимоий қўллаб–қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан 3 триллион, имтиёзли банк кредитларидан 7 триллион сўм пул ажратилгани таъкидланди.
Маълум қилинишича, аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари бўйича жабрланган 29 541 нафар хотин-қизнинг барчасига «ҳимоя ордери» расмийлаштирилган; зўравонларнинг 62 347 нафарига чекловлар ўрнатилиб, профилактика инспекторлари томонидан назоратга олинган. «Ҳимоя ордери»да белгиланган чекловларга риоя этмаган 1677 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг белгиланган моддалари асосида жавобгарликка тортилган.
Аввалроқ аёлларга нисбатан зўравонлик юқори бўлган мамлакат маълум қилинганди. Шунингдек, Хоразмда қизига руҳий зўравонлик қилган ота ва амакига қамоқ жазоси тайинланган.