Турин политехника университетидаги жанжал оқибатида 18 ёшли талаба вафот этди
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети яқинида 25 ноябрь куни талабалар ўртасида жанжал содир бўлиб, оқибатда бир талаба вафот этди. Бу ҳақда «Nova24» хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, шу куни университет яқинида талабалар ўртасида муштлашув содир бўлган. Олинган маълумотларга кўра, икки талаба ўзаро жанжаллашиб қолган, шундан сўнг улар университет дарвозаси ёнида уришган. Шу пайтда улардан бири иккинчисининг орқа қисмига пичоқ урган, оқибатда 18 ёшли йигит жароҳат олиб, вафот этган.
«Nova24» вазиятга ойдинлик киритиш учун Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати билан боғланди. Унга кўра, талабалар ўртасидаги жанжал сабаб ростдан ҳам университетнинг 18 ёшли талабаси вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда гумонланувчи қўлга олинган.
Маълумот учун, ушбу модда саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.
Аввалроқ Тошкентда 16 ёшли қиз «Spark»да ҳайдовчини пичоқлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда оммавий муштлашув уюштирган 17 кишига суд ҳукми ўқилган.