Туркманистонда президент шарафига 2022 йил шиори танланди
Туркманистонда 2022 йил шиори мамлакат президенти шарафига «Аркадағ билан халқ даври» деб эълон қилинди. Бу ҳақда «ТДХ» давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу шиор Туркманистон жамоат ташкилотлари марказида «Тинчлик ва ишонч йили: Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тинч ички ва ташқи сиёсати тантанаси» деб номланган йиғилишда муҳокама қилинган. Тадбирда Мажлис ва Халқ маслаҳати (парламентнинг икки палатаси) депутатлари, жамоат ташкилотлари ва расмий ОАВ вакиллари, ишлаб чиқариш ходимлари, оқсоқоллар ва ёшлар иштирок этган.
«Суверен ватанимиз эришаётган муваффақиятлар давлатимиз раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати самарасидир», дея таъкидланган йиғилишда. Агентликнинг қайд этишича, шу сабабли 2022 йил шиорини етакчи Аркадағ номи билан боғлашга қарор қилинган.
Маълумот ўрнида, Туркманистонда 2021 йил шиори «Туркманистон — тинчлик ва ишонч ватани», 2020 йил шиори «Туркманистон — бетарафлик ватани», 2019 йил шиори эса «Туркманистон — фаровонлик ватани» бўлган.
Аввалроқ Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистон президентига зотдор от совға қилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Туркманистон президенти доривор ўсимликлар ҳақида китоб ёзгани ҳақида хабар берилган.