Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳужуми унинг учун қимматга тушишини маълум қилди

Фото: «Ukr.net»

Маълум қилинишича, Кулеба Россия қўшинларининг Украина чегаралари яқинида тўпланиши унинг Украинага қарши агрессив сиёсати давом этаётганидан далолат беришини айтган. Вазир Москва тажовузнинг кейинги босқичи қандай йўқотишларга олиб келишини тушуниши кераклигини таъкидлаган.

«Биз Путиннинг миясида нима борлигини тахмин қилишга уринмаяпмиз. Украинага қарши ҳужум қандай оқибатга олиб келиши ҳақида унда тасаввур уйғотишга ҳаракат қиляпмиз», — деган Кулеба.

Вазирнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи давлатлари аллақачон Украинани қўллаб-қувватлаган ва Россияни можаро авж олишидан огоҳлантирган. «Бир қатор давлатларда Россия иқтисодиёти ва россиялик бойларнинг ҳамёнига зарар етказадиган аниқ иқтисодий қадамлар ишлаб чиқилмоқда», — деди вазир.

Кулебанинг сўзларига кўра, Россия ўз ҳаракатлари билан 30 йил аввал Совуқ урушдаги мағлубият учун қасос олмоқчи, аммо бу «Украинанинг вазминлиги ва кучи, шунингдек, дунёнинг кучли реакцияси» сабабли амалга ошмайди.

Аввалроқ Украина, АҚШ ва Британия разведкаси Россия ҳақида маълумот алмашганди. Шунингдек, АҚШ разведкаси Россия Украинага қачон ҳужум қилишини айтганди.