Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари сони 7,5 миллион нафарга етади
АОКАда 27 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда Халқ таълим вазирлиги томонидан 5 йилдан сўнг мактаб ўқувчилари сони қанчага етиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда республикада 5 миллиондан ортиқ ўқувчи ўрнига мўлжалланган 10 130 та мактабда 6 миллион 246 мингдан ортиқ ўқувчилар таълим олмоқда. Вазирлик прогнозларга кўра, келгуси 5 йилликда мактаб ўқувчиларининг сони 7,5 миллионга етиши кутилмоқда.
Шунингдек, вазирликнинг ишчи гуруҳлари томонидан ўрганишлар якуни бўйича шакллантирилган дастлабки 2022–2026 йилларга мўлжалланган умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, бунда ўқув биноси қуришда зарур бўлган 1,2 миллион ўқувчи ўрнини ҳам инобатга олиш ҳамда мавжуд мактабларни мукаммал таъмирлаш бўйича манзилли дастурлар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан умумлаштирилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши айтилди.
Аввалроқ мактаб учун энг кўп ва энг кам маблағ ажратилган ҳудудлар номи маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистонда 2 та мактаб қуриши айтилганди.