Ўзбекистондаги 383 та касб-ҳунар коллежи мактабга айлантирилди
АОКАда 27 ноябрь куни ўтказилган брифингда Халқ таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова Ўзбекистонда 11 йиллик ўрта таълим тизимига ўтилганлиги муносабати билан 383 та касб-ҳунар коллежи мактабга айлантирилгани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, 11 йиллик таълим тизимига ўтилиши муносабати билан бўшаб қолган 383 та касб-ҳунар коллежи мактабларга айлантирилиши ҳисобидан 221 минг қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Ушбу янги ўқув ўринларининг яратилиши навбатлилик коэффициенти ошиб кетган мактаблардаги ҳолатни меъёр даражасига олиб тушишга ва таълим олишга муносиб шарт-шароитлар яратишга хизмат қилган.
Келтирилишича, 2018–2021 йиллар давомида мамлакатда олиб борилган мактабларнинг моддий-техника базаси ва инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ишлар натижасида қўшимча 474,5 минг ўқувчи ўрини яратилган. Шундан 58,7 минги янгидан барпо этилган 156 та мактабда ҳамда навбатлилик коэффициенти юқори бўлган мавжуд 1511 та умумтаълим мактабига қўшимча ўқув бинолари барпо этилиши натижасида 371,4 минг ўқувчи ўрни яратилишига эришилган. Бу ўқувчи ўринларини яратишга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 5 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.
Аввалроқ Ўзбекистондаги қанча коллеж Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига берилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда коллеж ҳудудига тегишли бўлган ерда ноқонуний қурилган 5 та дорихона бузиб ташлангани айтилганди.