9:09 | 27.11.21 26

Қорақалпоғистонда 3 нафар ички ишлар ходими ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди

Улар кечаси видеоселектор йиғилишидан қайтаётган бўлган

Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 26 ноябрь куни 3 нафар Жазони ижро этиш департаменти ходими йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Департамент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, воқеа туман ҳудудидан ўтувчи А-380 Ғузор–Бухоро–Нукус–Буйнеу автомобиль йўлининг 708-километрида соат 00:10 ларда содир бўлган. Унда жазони ижро этиш хизмати ходими И.И. хизмат жойидан яшаш хонадонига қайтаётган вақтда «Cobalt» автомашинасида қарама-қарши томонларни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилган. «Uznew.uz» берган маълумотларга кўра, ходимлар фармойиш асосида 46-сон манзил колониясига бириктирилган 2-сон тергов ҳибсхонасига видеоселектор йиғилишига борган. Воқеа улар йиғилишдан уйга қайтаётган вақтда содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида транспорт воситасида бўлган ЖИЭМ ходимлари М.Х. ҳамда Х.Х.лар оғир тан жароҳати олиб воқеа жойида, И.И. эса кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан Хўжайли туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари бошланган. Текширув натижаси юзасидан қўшимча ахборот берилиши таъкидланган.

Аввалроқ Навоийда банк ходимлари ҳаракатланаётган «Nexia» ЙТҲга учраганди. Шунингдек, Андижонда 4 та машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганди.