Қозоғистонда маҳбусларни стрессдан халос қилишда ноодатий усулдан фойдаланилди — фото
Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида маҳкумларни стрессдан халос қилишда виртуал кўзойнаклардан фойдаланилди. Бу ҳақда «Polisia.kz» хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоятдаги Жазони ижро этиш тизими бошқармасининг АК-159/11 муассасаси психологлари маҳкумларнинг психо-эмоционал ҳолатини яхшилаш учун ноодатий усулдан фойдаланган.
Қайд этилишича, маҳкумлар замонавий қурилмадан фойдаланган ҳолда Франция ва Россияда жойлашган Эрмитаж ва Лувр музейларида, шунингдек, Қозоғистон пойтахти — Нур-Султон шаҳрида бўлган. Муассаса ходимларининг таъкидлаганидек, бу каби кўзойнаклардан фойдаланиш маҳкумларни жуда хурсанд қилган ва мавжуд оғир вазиятни унутишга ёрдам берган.


«Маҳкумларнинг руҳий ҳолатини енгиллаштириш учун муассаса маъмурияти муассасадаги маҳкумларга виртуал кўзойнаклардан фойдаланган ҳолда дунёнинг энг кўп ташриф буюриладиган ва машҳур музейларини кўрсатишга қарор қилди. Менинг назаримда, бу шунчаки таърифлаб бўлмайдиган туйғу. Виртуал саёҳатлар маҳкумларда ниҳоятда ижобий ҳис-туйғуларни уйғотади. Уларнинг аксарияти деярли болаларча қувончни ҳис қилади. Бу маҳкумларни ҳиссий ва психологик енгиллаштиришнинг самарали усулларидан биридир», — дея қайд этган муассаса бошлиғининг ўринбосари Юлия Иванова.
Аввалроқ Қозоғистонда ҳашамат учун солиқ жорий этилиши мумкинлиги хабар берилганди. Шунингдек, мамлакатда итлар жанги тақиқланиши маълум бўлганди.