Таҳлил - 16:50 · 27.11.2021

Шарқий экспресс. 29 ноябрь — Халқаро Фаластин халқи билан бирдамлик куни. Фаластин қандай бўлиб ташланган эди?

Ҳар йили 29 ноябрь куни бутун дунёда Фаластин халқи билан бирдамлик куни сифатида нишонланади. Ушбу сана БМТнинг турли йиллардаги резолюциялари билан тасдиқланган. Куннинг тарихи эса ташкилотнинг Фаластинни бўлиш тўғрисидаги 181-резолюцияси имзоланган кундан бошланади. Яъни 1947 йил 29 ноябрь. «Шарқий экспресс» рукнининг бугунги сонини мазкур санага бағишлаймиз.

Фото: «La Presse»

Тарихий контекст

Маълумки, Фаластин уч илоҳий дин (ислом, насронийлик ва яҳудийлик) вакиллари учун ҳам муқаддас жой ҳисобланади. ХIХ асрда у ер Усмонли империяси таркибидаги вилоят эди. Айнан шу даврда Фаластинга яҳудийларнинг оммавий миграцияси бошланди. Ушбу миграцияни амалга оширишда ционист ташкилотлари катта хизмат қилди. Ционистлар яҳудийларнинг Фаластинда бўлишини антисемитизмдан ҳимояланишга хизмат қилади деб ишонди.

1901 йилда Базель шаҳрида ўтган 5-ционист конгрессида Яҳудий миллий фонди ташкил этилди. Ушбу фонднинг мақсади Фаластинда ер сотиб олиб, яҳудийлар учун давлат қуриш эди. Шундай қилиб, ХIХ аср охирида 10 минг, 1903–1923 йиллар орасида 70 минг яҳудий Фаластинга кўчириб олиб келинди. Фаластинда кўпчиликни ташкил қилган араблар эса бу миграцияга норозилик билдирди.

Бу орада, 1914 йилда Усмонли Британияга қарши урушга кирди. 1915 йилда Британиянинг Мисрдаги юқори комиссари Генри Мак Магон Миср қироли Ҳусайн бин Алига мустақиллик ва Усмонлидан тортиб олинадиган бутун араб диёрлари устидан тўлиқ назорат қилиш имконини ваъда қилди.

1917 йилда қабул қилинган Балфур декларацияси Британияни Фаластинда яҳудийлар колонияси қурилишига кўмак беришини расмийлаштирди. Биринчи жаҳон урушида Усмонли мағлуб бўлди ва Фаластин Миллат лигаси қарори билан Буюк Британия мандатига ўтди. 1922 йилда Буюк Британия мандати остидаги Трансиордания араб амирлиги тузилгани эълон қилинди. Яҳудийларнинг Фаластинга миграцияси яна кучайди. Айниқса, Европада тазйиққа учраган яҳудийлар оммавий равишда Фаластинга кўчиб кела бошлади ва бу ҳудудда араб-яҳудий тўқнашувларини келтириб чиқарди.

Шундай қилиб, 1945 йилга келиб Фаластинда 1 миллион 200 минг араб, 600 минг яҳудий истиқомат қиларди. Бундан ташқари, Европадаги қочқинлар лагерида яшаётган 250 минг холокостдан қочган яҳудийлар ҳам бор эди. 1945–1947 йилларда Фаластин муаммосига ечим бўлиши мумкин бўлган бир нечта режалар ишлаб чиқилди. Лекин икки томоннинг қаршилиги туфайли буларни амалга оширишнинг имкони бўлмади.

Фото: «EuroPalestine»

Фаластинни бўлиш режаси

1947 йил 14 февраль куни Фаластин муаммосига ечим тополмаган, Иккинчи жаҳон урушидан хонавайрон бўлиб чиққан Клемент Эттли ҳукумати Фаластин устидаги мандатини БМТга топширишга мажбур бўлди. Бундан кейинги Фаластин тақдири энди Миллатлар лигаси ўрнида ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотига боғлиқ эди.

Шу йилнинг 28 апрелига келиб, БМТ Фаластин муаммоси бўйича комиссия тузди. Комиссия аъзолари Австралия, Канада, Гватемала, Ҳиндистон, Эрон, Нидерландия, Перу, Швеция, Чехословакия, Уругвай ва Югославия давлатларидан тайинланган эди. Нейтралликни таъминлаш мақсадида бирорта катта давлат вакили комиссия таркибига киритилмади. 14 май куни бошланган музокараларда шу пайтгача Британияга қарши чиқиб келган Совет Иттифоқи вакили Андрей Громико яҳудийлар учун алоҳида давлат қуриш таклифини илгари сурди ва икки халқ учун бир давлат қуриш ғояси амалиётга жорий қилиб бўлмас иш деб айтди.

Комиссия ишини яҳудий жамоалари қўллаб-қувватлаган бўлса, аксинча араблар унга қарши бойкот эълон қилди. Яҳудийлар Фаластинни икки қисмга бўлиш таклифига рози бўлган бўлса, араблар бунга қарши чиқди ва Фаластинга мустақиллик бериш ва яҳудийлар миграцияни тўхтатишни талаб қилди.  Шундай қилиб, комиссия Фаластин муаммосига ечим сифатида икки вариантни тақдим қилди. Биринчиси, миллатга асосланган икки давлат тузиш, иккинчиси, икки давлатдан ташкил топган федерация тузиш. Аммо охирида ционистларни қониқтирадиган биринчи вариант танланди.

Режа амалга оширилаётган пайтда Фаластин аҳолисининг учдан икки қисми араблардан, қолгани эса яҳудийлардан иборат эди. Таклиф қилинган яҳудий давлатида кўпчиликни яҳудийлар ташкил қилиши керак эди (558 минг яҳудий, 405 минг араб). Араб давлатида эса 10 минг яҳудий истиқомат қилиши керак эди. Қуддус эса халқаро бошқарувга берилиши, у ерда 100 минг яҳудий ва 105 минг араб яшаши белгиланди.

Фото: «AFP»

Ушбу режа кейинги ярим асрдан ошиқ давр мобайнида Яқин Шарқда араб–Исроил тўқнашувларига сабаб бўлиб келмоқда. Исроил ўша йилдан буён Фаластин ҳудудларини эгаллашдан тўхтагани йўқ. Фаластинга ваъда қилинган мустақиллик ҳамон берилмади. Ушбу режа бир неча бор араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги урушларга ҳам сабаб бўлди. Бу можароларда эса ютқазаётган тараф Фаластин халқи бўлмоқда. Шу сабабли ҳам 29 ноябрь Халқаро Фаластин халқи билан бирдамлик куни сифатида белгиланди.