Тожикистонда бошланган норозилик намойиш билан боғлиқ вазият кескин экани маълум қилинди
Тожикистоннинг намойиш бўлиб ўтаётган Тоғли Бадахшон вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Хоруғ шаҳридаги вазият кескинлигича қолаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Тожикистон хавфсизлик кучлари «РИА Новости»га маълум қилди.

Таъкидланишича, норозилик акцияси 25 ноябрь куни маҳаллий фуқаро Гулбиддин Зиёбековнинг милиция томонидан ҳибсга олиниши вақтида ўлими муносабати билан бошланган.
«Хоруғда вазият кескинлигича қолмоқда, намойишчиларнинг бир қисми 25 ноябрь куни кечқурундан бери тарқалмаган», — дейди агентлик манбаси. Унинг сўзларига кўра, намойишчилар вакиллари билан музокара ўтказишга уринишлар ҳали натижа бермаган.
Маълумотларга кўра, 26 ноябрга ўтар кечаси намойишчилар беш нафар ҳуқуқ-тартибот ходимини яралаган ва уларнинг хизмат қуролларини олиб қўйган. Мамлакат ИИВ раҳбари Рамазон Раҳимзода, энергетика ва сув хўжалиги вазири Далер Жума (асли хоруғлик) ҳозир шаҳарда.
«Pamir Daily news» ахборот агентлиги хабарига қараганда, Хоруғдаги намойишчилар, хусусан, Гулбиддин Зиёбеков ўлими ва тинч аҳолига қарата ўқ узилиши бўйича ишни имкон қадар тезроқ кўриб чиқиш, ҳудуддаги ҳарбийларнинг 60–70 фоизини олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда. Шунингдек, назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлаш талаб қилинмоқда.
Таъкидланишича, Зиёбеков уюшган жиноий гуруҳнинг уч шериги билан 2020 йилнинг февраль ойида Роштқалъа вилояти прокурори ёрдамчиси Абдусалом Абирзодни гаровга олиб, уни саккиз соат давомида калтаклаган ва қийноққа солган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Зиёбеков ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, улар расмий қидирувда бўлган. 25 ноябрь куни қўлга олиш чоғида Зиёбеков ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қуролли қаршилик кўрсатиб, ўзи ноқонуний олиб юрган тўппончадан ўқ узган. У жавоб отишмасидан яраланган, кейинчалик шифохонада вафот этган.
Аввалроқ Тожикистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жарима миқдори оширилганди. Шунингдек, Тожикистон бир масалада Россиядан ёрдам сўраганди.