Янгиликлар - 16:03 · 28.11.2021

Ўзбекистонда коронавируснинг янги «омикрон» штами қайд этилдими?

Дунё бўйлаб кенг тарқала бошлаган коронавируснинг янада хавфли штами — «омикрон» Россияда қайд этилгани, аммо бироздан сўнг «Роспотребнадзор» буни рад этгани ҳақида хабар берилганди. «Bugun.uz» ушбу штамнинг Ўзбекистонда қайд этилгани ёки йўқлигига аниқлик киритиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан боғланди.

Фото: «Bugun.uz»

Ахборот хизматининг маълум қилишича, бу штамм билан касалланиш ҳолати ҳали қайд этилмаган. Барча аэропортлардаги кириш–чиқиш масканларида, шунингдек, чегара пунктларида 72 соатлик ПЗР ҳамда экспресс тестлари йўлга қўйилган.

Нашр, бундан ташқари, «Uzbekistan Airways» алоқа маркази билан ҳам боғланиб, янги штамм туфайли ҳаво қатновларига чеклов ўрнатилгани ёки йўқлигига ойдинлик киритди. Унга кўра, ҳозиргача бу бўйича ҳеч қандай кўрсатма келиб тушмаган.

Маълумот учун, ЖССТ коронавируснинг янги штамини юнонча омикрон ҳарфи билан номлаган. Янги вариант 32 та мутацияга эга. Вирусологларнинг қайд этишича, вирус мутацияларининг кўплиги жиддий муаммо саналади. Штамм иммунитети заиф бўлган бемор танасида вируснинг бутунлай тузалмасдан, узоқ вақт давомида шакллангани туфайли пайдо бўлган бўлиши мумкин. Ҳозир қўлланилаётган ПЗР тестлар бу штамни аниқлай олади.

Аввалроқ Ўзбекистонга ковиднинг янги «АY.4.2» штами кириб келиши хавфи бор-йўқлигига ойдинлик киритилганди. Шунингдек, мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича маълумот берилган.

Bugun — LIVE