Туркистон заминида ХХ аср бошларида вужудга келган жадидчилик ва маърифатпарварлик ҳаракати кўплаб истеъдодларни кашф қилди. Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Мунаввар Қори, Абдулла Авлоний шулар жумласидандир. Яна бир шундай шахсият борки, уни кўпчилик танимаслиги мумкин. Лекин унинг ҳаёт йўлига қарайдиган бўлсак, Туркистонда мустақиллик, халқ фаровонлиги учун кураш олиб борганини, маърифатчилик ҳаракатига фаол ҳисса қўшганини кўришимиз мумкин. Бу инсон оддий таржимонликдан вазир даражасига етган Убайдулла Хўжаев Асадуллаевичдир. «Bugun.uz» ушбу давлат ва жамоат арбоби ҳақида маълумот беради.

Убайдулла Хўжаев 1885 йил Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур даҳа Мерганча маҳалласида дунёга келди. Жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили, ўзбек матбуотининг илк ташкилотчиларидан бири, жамоат арбоби сифатида тарихга кирди.

Дастлаб 1901 йил рус-тузем мактабини битиргач, Тошкентдаги маҳкамалардан бирида тилмоч бўлиб ишлади. 1908–1912 йилларда Россиянинг Саратов шаҳридаги ҳуқуқшунослик институтида ўқийди. Талабалик йилларидаёқ давр муаммоларини ечишни ўйлади, 1909 йил рус ёзувчиси Л.Н.Толстой билан ёзишмалар олиб борди.

Ўқишни тугатгач, дастлаб Саратов, 1913 йилда Тошкент округ судида хусусий адвокат бўлиб ишлади. Жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, тез орада унинг йирик вакилларидан бирига айланди. 1913 йил «Умид» деб аталувчи илғор мусулмон гуруҳига етакчилик қилди ва «Турон» жамиятининг асосчиларидан бири бўлди. У 1914 йил 4 апрелда мустақил фирқа ташкил қилиш ниятида Тошкентда «Садойи Туркистон» газетасини ташкил этиб, унга муҳаррирлик қилди. Газета ишига ўша давр маърифат дарғалари — Абдулла Авлоний, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Музаффаров сингари инсонларни жалб этди.

Аммо газетанинг иқтисодий юки кўпроқ Убайдулла Хўжаев зиммасига тушади. Татар ёзувчиси Иброҳим Тоҳирий 1914 йилда «Шўро» журналига ёзган «Кўрган — билгандан» хабарида «‘Садойи Туркистон’ газетаси ёлғиз муҳтарам юрист Убайдулла афанди Хўжаев жанобларининг ҳимматигагина боғлиқдир. Газетанинг ҳар бир номеринда 30–40 сўм зарар кўриб боратурғон муҳтарам юрист милатпарвар Убайдулла афанди бир эл ҳомийсига эга бўлса, гўзал ўлур эди», — деб ёзган.

Фото: Ўзбекистон «Ўзархив» агентлиги
Туркистон Мухторияти «Эл байроғи» газетасининг 43-сони
Шовинизм балосига мубтало бўлган чор мансабдорлари, хусусан, Н.П.Остроумов газетанинг ҳар жумласигача назорат қилади ва арзимаган нарса устида жанжал чиқариб, сиёсий шов-шув кўтаришга интилади. Бунинг икки сабаби бор: биринчиси, хорижий давлатлар орасида ўзларини кўрсатмоқ бўлса, иккинчиси, улар ўзбек тилида халқнинг кўзини очадиган сўл йўналишдаги матбуотнинг ишлаб туришини истамаслиги эди.

Туркистонда тарқалиб, умуммиллий матбуот нашрига айланаётган «Садойи Туркистон» 1915 йил апрелда ёпиб қўйилган бўлса-да, у ўлка зиёлиларининг «Тараққийпарварлар» партиясига замин тайёрлади.

1916 йил 25 июндаги оқ подшонинг «Мардикорликка жўнатиш ҳақидаги фармони»ни бекор қилдириш учун у маҳаллий миллатпарвар Миркомил Мирмўминбоев билан бирга Петербургга борди. Россия Давлат думасининг 1916 йил декабридаги мажлисида улар фармон Россия империясининг қонунчилигида кўрсатилган ҳолларга зид равишда қабул қилингани исботлаб берди.

Убайдулла Хўжаев 1917 йил Туркистондаги сиёсий жараёнларда фаол қатнашди ва «Шўрои ислом» жамияти раиси вазифасини бажарди. 1917 йил апрелида ташкил қилинган Бутун Туркистон мусулмонлари I съездида Туркистон ўлка мусулмонлари марказий кенгаши котиби ва аъзоларидан бири бўлди. 1917 йил Бутун Россия мусулмонлар кенгаши МК аъзоси, мухториятчилик ҳаракатининг фаол ташаббускорларидан бўлди.

Фото: Ўзбекистон «Ўзархив» агентлиги

1917 йил ноябридан 1918 йил февралгача мавжуд бўлган Туркистон Мухтор Республикаси (Қўқон мухторияти) ҳукуматининг жамоат хавфсизлиги вазири лавозимида иш олиб борди. Ҳукумат топшириғи билан Кавказга бориб, Туркистонга ғалла келтириш масаласини ҳал қилди. Истиқлолчилик ҳаракатига хайрихоҳлик билан қарагани, мустамлакачиликка қарши курашгани учун «миллатчилик»да айбланиб, қатағонга учраган. Бир неча марта қамалиб, 1942 йил турмада ҳалок бўлди.