Тожикистон президенти Афғонистонга қандай ёрдам беришини айтди
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда афғон халқига инсонпарварлик ёрдами учун логистика имкониятларини тақдим этишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Маълум қилинишича, икки давлат раҳбарлари Ашхободда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммитида музокара ўтказган. Раҳмон ва Мирзиёев учрашувида Афғонистон асосий мавзулардан бирига айланган. Давлат раҳбарлари қўшни республикадаги вазиятдан яна бир бор хавотир билдирган, шунингдек, кун тартибидаги халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Афғонистондан террорчилар босими кучайганини эълон қилганди. «Афғонистон–Тожикистон чегарасидаги вазият оғирлигича қолмоқда, Афғонистондан террорчилик таҳдиди кучаймоқда», — деган Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Насрулло Маҳмудзода.
Аввалроқ Тожикистонда ушланган афғон аскарлари қаерга жўнатилгани маълум бўлганди. Шунингдек, Аҳмад Масъуд Тожикистон президентидан ёрдам сўрагани ҳақида хабар берилган.