Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ўз мамлакатида яшовчи Ашраф Ғани, Ато Муҳаммад Нур ва Ҳамдуллоҳ Моҳибга сиёсий фаолият билан шуғулланишни чеклади. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, БАА ҳукумати томонидан Афғонистоннинг собиқ президенти ҳамда юқоридаги икки кишига нисбатан қўйилган ушбу тақиқ ҳақда «Толибон» ҳаракати матбуот котиби ўринбосари Аҳмадуллоҳ Васик хабар берган. 

 «Sputnik Афғонистон»нинг таъкидлашича, ушбу маълумот тўғрилиги маълум эмас. Чунки Абу-Даби ҳозирча бунга изоҳ бермаган.

Маълумот учун, «Толибон» ҳаракати 15 августда Афғонистоннинг барча ҳудуди устидан назорат қилаётганини хабар қилган. Мамлакат президенти бўлган Ашраф Ғани Афғонистондан қочиб кетган. Дастлаб унинг Тожикистонда, кейинчалик Ўзбекистонда экани айтилган, аммо давлат раҳбари БААда экани маълум бўлган. Ғани афғон халқига мурожаат қилиб, ўзининг кетиш сабабини очиқлаган. Унга кўра, у мамлакатда ортиқча қон тўкилишини хоҳламаган. Кейинчалик Ғани Афғонистонни тарк этаётганда ўзи билан ғазнадан 169 миллион доллар пул олиб кетгани айтилган. Афғонистоннинг қочган президенти буни рад этган ва ўзи билан нималар олиб кетганини маълум қилган

Аввалроқ «Толибон» ҳаракатининг янги ҳукумат тузиш муддати маълум қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Панжшер ҳокимиятига мурожаат юборганди.