15:29 | 29.11.21 72

Бензин нархи атрофидаги «ўйинлар». Аслида нима бўлганди?

Bugun.uz бу бўйича таҳлилий материал тайёрлади

Монополияга қарши курашиш қўмитаси саъй-ҳаракати билан бензин нархи бироз пасайди, аммо бозорда юқори нарх ва «ўйинлар» давом этмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Аксилмонополия қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев 16 ноябрь куни ўтган матбуот анжуманида ёнилғи нархини барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини маълум қилганди. Унга кўра, бозорда таклиф ҳамжи оширилиши (1), биржа савдосида майда лотларнинг кўпайиши (2) ва бир сессияда бир хариднинг максимал чегараси белгиланиши (3) кўзда тутилганди. Қўмита қарорига нима туртки бўлгани, нега харидга чегара ва майда лотлар кўпайгани ҳақида «Bugun.uz» таҳлилий материал эълон қилганди.

Аввало таъкидлаш лозимки, чора-тадбир самара бериб, биржа савдоларига қўйилган Аи-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10 миллион 129 минг сўмдан 9 миллион 365 минг сўмга тушиб, 8 фоизга арзонлашди. Йирик лотлар туфайли бозорга кириш имконияти чекланиб қолган кичик харидорларнинг сони майда лотлар кўпайгани сабабли ошди. Масалан, 17 ноябрь кун биржанинг бензин савдосида харидорлар 32 тадан 112 тагача кўпайди. 

Шунга қарамай, орадан 10 кун ўтиб, «Ўзбекнефтгаз»га тегишли UNG шохобчаларида Аи-80 маркали бензин тақчиллиги кузатилди. Нархларни кетма-кет ошириб бораётган компания шу пайтгача бензин қийматини туширишни ўйламаса ҳам, тақчиллик юзага келишини изоҳлайдиган икки фараз мавжуд: бу сунъий яратилган дефицит орқали «Ўзбекнефтгаз» назорат органлари ва истеъмолчиларни шантаж қилди ёки майда лотлар савдоси бошланиб, максимал харид чеклангач, компанияга қарашли нефтебазалар улуши бозорда сезиларли пасайди. Нима бўлса ҳам, компанияда тақчиллик юзага келиши мумкин эмасди, «Ўзбекнефтгаз» шунчаки бой берилаётган катта фойданинг «ишқида» бир кунлик ўзига хос «саботаж» уюштиргани, турли ОАВ ва блогерлар ресурсларида бунга Монополияга қарши курашиш қўмитасининг талаблари сабаб бўлаётганини кўрсатишга уриниш бўлгани тўғрисидаги версияга кўпроқ ишонч пайдо бўлади. 

Яна бир кун ўтиб, барча UNG шохобчаларида Аи-80 бензини пайдо бўлди ва нарх 6890 сўмга пасайгани маълум қилинди. Компаниянинг ушбу қарорига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум, лекин бу бозорга бошқача тўлқин киритди: хусусий сектордаги шохобчалар ҳам нархни тушира бошлади. Масалан, Mustang тармоғида нарх 6800 сўм (ишлаб чиқарувчи белгилаган чакана нархдан ҳам паст), Андижон вилоятидаги Xan шохобчасида 6500 сўмгача арзонлади. Негаки 16 ноябрдан эътиборан биржада майда лотларнинг пайдо бўлиши ва нарх аста қулаб бориши эвазига хусусий сектор вакиллари қисқа муддатда етарлича захира тўплай олганди ва биржадаги нархнинг тушиши чакана савдода акс этмай турганди. Эндиликда ҳаммаси бозор иқтисодиёти қоидалари бўйича давом этди. 

Шунда ҳам айрим масалалар очиқ қоляпти: хусусий сектор вакиллари биржа орқали «Ўзбекнефтгаз» ишлаб чиқарган бензинни сотиб олиб, яна компанияга тегишли шохобчаларда белгиланган нархдан арзон сотяптими, демак, «Ўзбекнефтгаз» ўзи қазиб чиқарган хом ашёни қайта ишлаб, ўзига қарашли нефтебазалар томонидан биржада харид қилиб, ўзига тегишли шохобчаларда сотишда жуда катта устама қўймоқда. Масалан, тегирмон усулида олинган, биржага «Ўзбекнефтгаз» томонидан савдога қўйилаётган бензин 1 тоннасининг ўртача бошланғич нархи июндан ноябргача 3200 сўмдан ошмади. Аммо бензиннинг ўртача сотув нархи июлдан кейин 7100 сўмдан арзон бўлмади. Балки харидор кўп бўлгандир, арзон бензинга талаб бўлади-ку, деб ўйласак, бироз адашган бўламиз.

Гап шундаки, айнан «Ўзбекнефтгаз»га қарашли нефтебазалар биржадаги арзон бензин хариди бўйича рўйхатнинг бошини бошқариб турибди. Бошқа иштирокчиларга сунъий тўсиқлар қўйилиши (лотларнинг майда бўлмаслиги, максимал харид чекланмагани) туфайли нефтебазаларнинг бозордаги улуши ортиб кетган. Кўриниб турибдики, жаҳондаги Brent нефть маркасига боғланмаган маҳаллий ва энг сифатсиз, шу билан бирга, энг харидоргир Аи-80 нархининг ошиб кетишига бевосита «Ўзбекнефтгаз»га қарашли нефтебазалар томонидан биржадаги савдоларда сезиларли рақобатчилар бўлмай туриб, юқори нарх таклиф этилиши сабаб бўлган. Аслида таннархи 3000 сўмдан ошмайдиган бензиннинг бир литри учун чакана нархда 100 фоиз устамадан ошиқча фойда қўйилишини ҳеч қандай виждон билан изоҳлаб бўлмайди. Шу сабабли хусусий сектор вакилларининг айримлари UNG белгилаган нархдан ҳам арзон сотишга жазм этган, шунда ҳам фойда борлигини исботлаб беряпти.

Алишер Рўзиохунов