Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Breaking: «Манчестер Юнайтед» футболчиси Криштиану Роналду Парижда бўлиб ўтадиган «Олтин тўп»ни топшириш маросимида қатнашмоқчи эмас. 

Фото: «Getty Images»

Ушбу хабарни тарқатган «Sports.ru»га кўра, «ПСЖ» ҳужумчиси Лионель Месси ўз фаолиятида еттинчи марта совринни қўлга киритиши мумкин. Шунингдек, бу совринга «Бавария»дан Роберт Левандовски ва «Челси»дан Жоржиньо ҳам даъвогарлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Олтин тўп» топшириш маросими 29 ноябрь, душанба куни тунда — соат 00:30 да бўлиб ўтади. Қадрли футбол муҳлислари, маросим бошлангунича бугунги хабарлар дайжестини ўқишга бемалол улгурасиз. Демак, асосий хабарларга ўтамиз.

Дунё бўйлаб юқори тезликда тарқалаётган коронавируснинг «омикрон» штами Ўзбекистонга кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас. Лекин қайта эмланиш ундан ҳимояни таъминлаши айтилди. Сезиб турганингиздек, дайжестдаги биринчи хабар янги штамм ҳақида. Фонда «Я — волна, новая волна» — Dj Smash’нинг хит қўшиғи коронавируснинг «омикрон» штами ижросида. 

Фото: «Bugun.uz»

Сўнгги кунларда тезлик билан тарқалаётган янги штамм Ўзбекистонга ҳам кириб келиши мумкин (худди бошқа штаммлар билан содир бўлганидек). Буни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков айтди.

«Биз янги штаммнинг тарқалиш ўчоғи бўлган Жанубий Африка давлатлари билан бевосита авиация алоқалари ўрнатмаган бўлсак-да, ушбу касаллик иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас», — дейди Отабеков.

Унинг таъкидлашича, карантин қоидаларига амал қилиш — ниқоб тақиш, оралиқ масофани сақлаш янги штаммнинг Ўзбекистонга кириб келиши ва унинг тарқалишининг олдини олишда жуда қўл келади.

Шундай экан, ўша эсингиздан ҳам чиқиб кетган қоидаларни эслашга ҳаракат қилинг (жа эслолмасангиз, мана, охиргиси шу ерда бор) ва уларга амал қилинг. Ўзингиз ва яқинларингизнинг соғлиғи учун, қани олдик (маскаларни).

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов вируснинг янги штамига атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Шу жойида керакли маълумот: АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош инфекционисти Энтони Фаучи қайта эмланиш коронавируснинг «омикрон» штамидан энг ишончли ҳимояни таъминлашини айтди. Фаучи тавсия қилган бустер доза билан эмлаш Ўзбекистонда аллақачон йўлга қўйилган.

Ўзбекистонда охирги 10 ойда 4518 нафар фуқаро турли зўравонликка учраган. Улардан энг кўпи — руҳий зўравонлик. Лекин бу ҳақиқий статистика эмас, чунки бу фақатгина реабилитация марказига мурожаат қилганларнинг сони. 

Фото: «Bugun.uz»

Аёлларни реаблитация қилиш ва мослаштириш республика маркази директори Муқаддам Расулова йилнинг 10 ойи давомида зўрлик ишлатишдан жабр кўрганлар статистикасини келтирди. Унга кўра, ушбу давр давомида марказларга 7226 нафар фуқаро мурожаат қилган, улардан 4518 та ҳолатда турли зўравонлик содир этилган.

Шундан

  • 2457 та — руҳий;
  • 1358 та — жисмоний;
  • 37 та — жинсий;
  • 666 та — иқтисодий зўравонлик ҳолати қайд этилган.

Қолган 2708 та ҳолатда оилавий низолар, келишмовчиликлар, ажрашиш масалалари билан мурожаатлар қайд этилган.

Ушбу рақамлар камдек кўриниши мумкин. Аслида ҳам шундай. Чунки реабилитация маркази фақатгина уларга мурожаат қилганларнинг сонини келтирган. Ҳар қандай тазийққа учраса-да, мурожаат қилмайдиганлар бундан бир неча баробар кўп. Ахир «одамлар нима дейди?!». Одамлар гапираверади, агар сизга тазйиқ бўлса, жим турманг, ҳеч бўлмаса ўша марказга мурожаат қилинг.

Польша Ўзбекистонга чегара хизматини модернизация қилиш учун 170 минг евро ажратди.

Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси Европа чегара ва қирғоқ қўриқлаш агентлиги ҳамда Польша чегара хизмати бош коменданти билан ҳамкорликда миграция соҳасидаги тегишли вазирлик, идоралар вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг ташрифини ташкил этган.

Фото: «Shutterstock»

Унда чегара қўшинларининг техник инфратузилмасини модернизация қилиш жараёнида чет эл маблағидан фойдаланиш бўйича Польша тажрибаси ўрганилган. «Польша томони 2022 йилда ҳам ўқув семинари давом этишини, бунинг учун Польшадан Ўзбекистонга техник ёрдам сифатида қарийб 170 минг евро ажратилишини таъкидлади», дейилади хабарда.

Ушбу маблағ қай тартиб қайтарилиши ёки умуман қайтарилмаслиги ҳақида маълумот йўқ. Ҳарқалай, давлатларнинг ҳам «олди-берди»си бўлади.

Тошкентда янги метро линияси қурилишига қанча пул ажратилиши маълум бўлди. Унинг катта қисми Хитойдан олинади.

«Norma»нинг хабар беришича, Тошкент шаҳрида янги метро линияси қурилишига 354,3 миллион доллар пул ажратилди

Фото: «Bugun.uz»

Маълумотга кўра, янги метро линиясини қуриш Президентнинг «Тошкент шаҳрида ерости йўли ҳамда ерусти ҳалқа метро линиясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан амалга оширилади.

Тасдиқдан ўтган техник-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича лойиҳанинг умумий қиймати 354,3 миллион доллар бўлиб, маблағлар қуйидаги манбалар асосида молиялаштирилади:

  • давлат бюджети маблағлари — 208,3 миллион доллар;
  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари — 108,3 миллион доллар;
  • Хитой «Эксимбанк»ининг 500 миллион доллар кредити;
  • давлат улуши — 37,07 миллион доллар.

Лойиҳа капиталлашуви 317,2 миллион долларни ташкил этиб, маблағлар машина, асбоб-ускуналар ва қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга йўналтирилади. Хитой «Эксимбанк»и кредити 20 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан берилган. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити эса 4 йиллик имтиёзли давр билан 15 йилга берилиши кўзда тутилган.

Яшасак, кўраверамиз, метроларда ҳам юраверамиз, қарзларни ҳам тўлайверамиз.

Қисқа хабарлар пунктларда:

  • Сирдарё вилояти раҳбари 9 нафар ҳокимни қатъий огоҳлантирди;
  • Тошкентда ичида 43 нафар ишчи бўлган ётоқхона ёниб кетди. Улардан 18 нафари ҳар хил турдаги куйиш тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган, ҳалок бўлганлар йўқ;

Ўқиш тавсия этилади: Бензин нархи атрофидаги «ўйинлар». Аслида нима бўлганди?

Хўш, оламда нима гап?

Чеченистонда республика биринчи раҳбари Аҳмад Қодиров ҳақидаги дарслик мактаб ўқув дастурига киритилди. У ҳозирги раҳбар — Рамзан Қодировнинг отаси ҳисобланади.

Фото: «grozny.tv»

Маълум қилинишича, «Нур билан ёритилган йўл» номли ўқув қўлланма тарих фанидан қўшимча материал сифатида 9–11-синф ўқувчилари учун мўлжалланган.

Хабарда айтилишича, китобда Аҳмад Қодировнинг ҳаёти ва фаолияти, ижоди тафсилотлари, сиёсий қараши ва эришган ютуқлари ҳақида сўз боради. «Қўлланманинг иловасида Аҳмад Ҳожи Қодировнинг сиёсий ва маънавий мероси тақдим этилган, булар илмий-амалий аҳамиятга эга бўлган интервью, мақола ва чиқишлардир», — дейилади хабарда.

Яна коронавирус ҳақида:

  • Хитойнинг Пекин университети олимлари мамлакат яна коронавирус очоғига айланиши мумкинлигини маълум қилди;
  • Дунёнинг энг бадавлат 10 миллиардерининг умумий бойлиги коронавируснинг янги «омикрон» штами сабаб бир кунда 37 миллиард доллардан ошиққа камайди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.