Дунё миллиардерлари «омикрон» штами сабаб бир кунда қанча маблағ йўқотгани маълум бўлди
Натижалар Америка фонд бозорида бир йил ичида кузатилган энг ёмон кўрсаткичга айланган
Дунёнинг энг бадавлат 10 миллиардерининг умумий бойлиги коронавируснинг янги «омикрон» штами сабаб бир кунда 37 миллиард доллардан ошиққа камайди. Бу ҳақда «Forbes» хабар берди.

Маълум қилинишича, 26 ноябрь куни Америка фонд биржаларида қайд этилган натижалар 1 йил ичидаги энг ёмон кўрсаткичга айланган. Маълумотларга кўра, Илон Маск 7,9 миллиард доллар, «Amazon» бош директори Жефф Безос 3,8 миллиард доллар, «Louis Vuitton» ва «Dior» эгаси Бернар Арно 9 миллиард доллар йўқотган.
Таъкидланишича, «Microsoft» асосчиси Билл Гейтснинг бойлиги 2,1 миллиард долларга, «Oracle» асосчиси Ларри Эллисоннинг бойлиги 1,9 миллиард долларга, «Google» асосчиси Ларри Пейжнинг бойлиги эса 3,1 миллиард долларга камайган.
Аввалроқ дунёнинг энг бадавлат инсонлари бир ҳафта ичида 444 миллиард доллар йўқотгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, дунё миллиардерлари бир кунда қанча пул йўқотгани маълум бўлганди.