Янгиликлар - 21:59 · 29.11.2021

Фарғонада ота фарзандининг 18 ёшга тўлгунгача бўлган алиментини олдиндан тўлаб берди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 25 ноябрь куни ота фарзандининг 18 ёшга тўлгунгача бўлган алиментини олдиндан тўлаб берди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Мажбурий ижро бюросининг Олтиариқ туман бўлимига фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Ш.Х.дан вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи М.Х. фойдасига алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати келиб тушган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор Ш.Х. фарзандининг вояга етгунга қадар бўлган алимент пулини олдиндан тўлаб беришини маълум қилган. Ҳисоб-китобларга кўра, фарзанд вояга етгунга қадар бўлган алимент миқдори 70 миллион сўмни ташкил қилган. Қарздор 25 ноябрь куни бу маблағни ундирувчига топширган. Шундан сўнг ижро иши Ўзбекистон «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунининг 41-моддаси 1-қисмига асосан тамомланган.

Аввалроқ Фарғонада ота алимент пули ўрнига «Matiz» совға қилганди. Шунингдек, Сурхондарёда эркак салкам 102 млн сўм алимент тўлаган.