Янгиликлар - 11:11 · 29.11.2021

Коронавируснинг «омикрон» штамидан қандай ҳимояланиш мумкинлиги маълум бўлди

АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош инфекционисти Энтони Фаучи қайта эмланиш коронавируснинг «омикрон» штамидан энг ишончли ҳимояни таъминлашини айтди. Бу ҳақда Оқ Уй матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «National Institutes of Health»

Унинг фикрича, янги штамнинг юқумлилик, хавфлилик ҳамда бошқа хусусиятлари ҳақида аниқроқ маълумот олиш учун тахминан 2 ҳафта вақт кетади.

«Энтони Фаучи мавжуд вакциналар ковиднинг оғир ҳолатидан маълум даражада ҳимоя қилишига ишонишда давом этмоқда. У, шунингдек, тўлиқ эмланган одамларга янги штамга қарши кураш учун бустер доза билан эмланишни маслаҳат бермоқда», дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, Жо Байден 29 ноябрь куни «омикрон» штами билан боғлиқ вазият ва коронавирус тарқалишига қарши кураш чораси ҳақида баёнот беради. Қўшма Штатларда янги штамм билан касалланганлар ҳали қайд этилмаган.

ЖССТ «омикрон» штамини «хавотирга сабаб бўлаётган штамлар» рўйхатига киритган. Мутахассисларнинг тахминига кўра, у бошқаларга қараганда кўпроқ юқумли бўлиши мумкин. бу штамм биринчи марта Жанубий Африкада рўйхатга олинган. Ҳозир вирус Европа бўйлаб тарқалмоқда.

Аввалроқ африкалик шифокор «омикрон» штамининг аломатларини маълум қилганди. Шунингдек, италиялик олимлар унинг илк суратини кўрсатганди.

Bugun — LIVE