Янгиликлар - 16:47 · 29.11.2021

«Омикрон» штамининг Ўзбекистонга кириб келиши эҳтимоли қандай?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков коронавируснинг янги штами «омикрон» бўйича маълумот бериб, унинг Ўзбекистонга кириб келиши эҳтимолини баҳолади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати бу ҳақда хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Унинг маълум қилишича, вирус турининг тарқалиш ўчоғи бўлган Жанубий Африка давлатлари билан бевосита авиация алоқалари ўрнатилмаган бўлса-да, ушбу касаллик иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас.

«Вируслар  — оддий, ҳужайрасиз организмлар. Уларда ўзгарувчанлик юзага келиши — табиий ҳол. Масалан, ҳозиргача коронавируснинг қўзғатувчиси, яъни SARS-CoV-2’нинг 7 мингдан зиёд мутацияга учраган штамлари аниқлаган. ‘Омикрон’ ҳам шулардан бири.

Биз янги штамнинг тарқалиш ўчоғи бўлган Жанубий Африка давлатлари билан бевосита авиация алоқалари ўрнатмаган бўлсак-да, ушбу касаллик иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас.
 
SARS-CoV-2’нинг ушбу янги штами учун алоҳида протокол ишлаб чиқиш масаласини, албатта, вақт кўрсатади. Шунга қарамай, мавжуд диагностика, даволаш ва профилактика имкониятларидан самарали фойдаланиш бу вирус турига қарши ҳам натижа беради, деб ҳисоблайман», — дейди Отабеков.

Унинг таъкидлашича, ўтган даврда Ўзбекистонда COVID-19’ни даволаш бўйича катта тажриба тўпланди. Бу ҳақли равишда халқаро миқёсда ҳам эътироф этиляпти. Шу маънода, муолажа жараёнлари белгиланган даволаш стандартлари асосида олиб борилса, касаллик қандай интенсивликда тарқалмасин, асоратларсиз тузалиб кетишига замин яратиш мумкин. Карантин билан боғлиқ профилактик чоралар бекор бўлгани йўқ. Аммо одамлар тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби оддий қоидаларга ҳам етарлича амал қилмай қўйган. 

«Янги штамнинг юртимизга кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишда шундай профилактик чора-тадбирлар жуда муҳим ҳисобланади. Энг асосийси, жамоавий иммунитетни шакллантириш, яъни оммавий эмланиш кўрсаткичларини ошириш орқали ҳам эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаб туриш мумкин. Чунки вакциналар SARS-CoV-2’нинг ҳар қандай мутацияга учраган штамида самара беради. Ҳатто янги штамни юқтириб олган ҳолатда ҳам барча дозада эмланганларда касаллик енгил ва жиддий асоратларсиз ўтади. Қолаверса, мамлакатимизда айни пайтда аҳолига ихтиёрий равишда бустер-доза билан эмланишлари учун имкониятлар яратиб берилган. 

Юртимизга коронавируснинг турли штамлари ҳар сафар хориждан қайтган фуқароларимиз орқали кириб келганини ҳисобга олсак, айни кунларда касаллик тарқалаётган мамлакатларга зарурат бўлмаса, вақтинча бормасликни тавсия қиламиз», — деган профессор.

Аввалроқ Ўзбекистонда «омикрон» штами қайд этилгани ёки йўқлигига аниқлик киритилганди. Шунингдек, бу штамдан қандай ҳимояланиш мумкинлиги маълум бўлган.