Соғлиқни сақлаш тизими шифокорлари зиммасига 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш бўйича юклатилган қўшимча функциялар бекор қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ЎзА

Президентнинг 27 ноябрда қабул қилинган «Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида 2021 йил 1 декабрдан:

  • шахс соғлиғининг ҳолатига кўра, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имконига эга бўлмаган ҳолатда ногиронликни белгилаш бириктирилган ҳудудларга чиқиб, кўчма мажлисларда, шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ҳамда сиртдан кўрикдан ўтказиш орқали ташкил этилади;
  • ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, тасдиқланган касалликлар рўйхати асосида фуқаро иштирокисиз улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда, ногиронлик муддатсиз даврга белгиланади;
  • тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан ногиронлик тўғрисидаги маълумотномаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши мумкин бўлган касблар бўйича тавсиялар берилади.

2022 йил 1 августдан Тошкент шаҳрида, 2023 йилдан республиканинг бошқа барча ҳудудларида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизими жорий этилади.

Аввалроқ ССВ «Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформасини ишга туширгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ковидга қарши вакциналарнинг тўғри сарфланишига кимлар жавобгарлиги айтилган.