Ўзбекистонда йилнинг 10 ойида қанча аёл зўравонликдан жабр кўргани маълум қилинди
АОКАда 29 ноябрь куни Аёлларни реаблитация қилиш ва мослаштириш республика маркази директори Муқаддам Расулова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда йилнинг 10 ойи давомида зўрлик ишлатишдан жабр кўрганлар статистикаси келтириб ўтилди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 10 ойида реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига 7226 нафар фуқаро мурожаат қилган, улардан 4518 та ҳолатда турли зўравонлик содир этилган.
Шундан
- 2457 та — руҳий;
- 1358 та — жисмоний;
- 37 та — жинсий;
- 666 та — иқтисодий зўравонлик ҳолати қайд этилган.
Шунингдек, 2708 та ҳолатда оилавий низолар, келишмовчиликлар, ажрашиш масалалари билан мурожаатлар қайд этилган.
«Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан ўзаро мулоқот қилиш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун 1146 ишонч телефони 24 соат узлуксиз ишламоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ Сенат раиси Танзила Норбоева мамлакатда аёлларга қилинаётган зўравонликлар ҳали ҳам давом этаётганига тўхталиб, аёлига зўравонлик қилаётганларга кўрилаётган чоралар етарли эмаслигини таъкидлаганди. Шунингдек, 25 ноябрь — Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати билан таҳлилий материал тайёрланиб, Ўзбекистонда бу борада вазият қандайлиги бўйича маълумот берилган.