Президент онкология ва эндокринология тиббиёт марказларининг қурилиш лойиҳалари билан танишди
Шавкат Мирзиёев 29 ноябрь, душанба куни онкология ва эндокринология тиббиёт марказлари қурилишига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, шифохоналарга мурожаатлар ва жойларда ўтказилган тиббий кўриклар таҳлили бундай касалликлар кўп учраётганини кўрсатган. Бу йўналишдаги республика марказларининг бинолари эскирган.
Қайд этилишича, ҳолат билан бевосита танишиш мақсадида давлат раҳбари 2021 йил май ойида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказини бориб кўрган. Шундан келиб чиқиб, 27 май куни Президентнинг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унда Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази учун янги замонавий бинолар қурилиши ва жиҳозлаш белгиланган.

Шундан сўнг хорижий клиникаларнинг илғор тажрибаси, шифокор ва беморлар учун барча шароитлар ҳисобга олиниб, лойиҳа ишлаб чиқилган. Аввалги тақдимотларда билдирилган фикрлар асосида у янада такомиллаштирилган.
Қайд этилишича, янги бино 10 қаватли бўлади. 3 қаватли ерости қисмида радиология ва нур терапия, позитрон-эмиссион томография, радиоизотоп текшириш каби бўлимлар жойлаштирилади. Марказда иммунотерапия, таргет терапия, чизиқли тезлаткич ёрдамида ва стереотоксик нур терапия, радиохирургия каби янги даволаш услублари жорий этилади. Янги бино Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникаси ҳудудида қурилади.
Таъкидланишича, мамлакатдаги илмий, диагностик ва даволаш салоҳиятига эга муассасалардан яна бири Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳисобланади. Унда 288 ўринли стационар бўлим ва 250 кишига мўлжалланган маслаҳат-диагностика клиникаси мавжуд. Марказнинг ҳозирги биноси 1974 йилда қурилган ва моддий-техник базаси эскирган.
Шу сабабдан, ушбу муассаса учун Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникаси негизида янги мажмуа барпо этиш режалаштирилган. Бу марказнинг шароитларини яхшилаб, хизматлар турини кенгайтириши таъкидланган. Хусусан, ҳозирда эндокринология марказида 14 та бўлим бўлса, янги мажмуада яна 14 та бўлим очиш учун имконият яратилиши қайд этилган.
Президент қурилиш лойиҳаларини маъқуллаб, энди иш тизимини тўғри йўлга қўйиш ва тиббий хизмат сифатига эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаган. Марказларга хориждан мутахассислар жалб этиш, шифокорларни жаҳон тиббиёти ютуқлари асосида қайта ўқитиш, илмий тадқиқотларни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилган. Бундан ташқари, тақдимотда Республика марказларини қуриш билан бирга ҳудудлардаги диспансер ва поликлиникаларда шароитларни яхшилаш, замонавий ташхис ускуналари етказиб бериш, шифокорлар малакасини ошириш муҳимлиги қайд этилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммитида нутқ сўзлаганди. Шунингдек, Президент ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтиши кутилаётгани хабар қилинган.