«Толибон» Европа Иттифоқидан Кобул аэропорти бўйича ёрдам сўради
«Толибон» ҳаракати Европа Иттифоқидан Афғонистон аэропортлари фаолиятини қўллаб-қувватлашда ёрдам сўради. Бу ҳақда Евроиттифоқ сайтида хабар берилди.

Маълум қилинишича, Европа Иттифоқи 27–28 ноябрь кунлари Қатар пойтахти Доҳада «Толибон» расмийлари билан икки кунлик музокаралар ўтказган. Иттифоқ бу муваққат ҳукуматни тан олишини англатмаслиги, балки афғон халқи фойдасига оператив ҳамкорликнинг бир қисми эканини маълум қилган. «Толибон» музокараларда хорижликлар ва афғонларнинг мамлакатни хавфсиз тарк этишини осонлаштириш тарафдори эканини айтган. Шу сабабли Европа Иттифоқидан Афғонистон аэропортлари фаолиятини қўллаб-қувватлашда ёрдам сўраган.
Бундан ташқари, музокараларда «Толибон» қиш фасли яқинлашиб келаётган Афғонистондаги гуманитар вазиятнинг ёмонлашувидан «жиддий хавотир» билдирган. Европа Иттифоқи делегацияси Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этишини, «Афғонистон делегацияси» эса барча давлат хизматчиларига маош тўлашини маълум қилган.
Аввалроқ Кобул аэропортини қайси давлат назоратга олиши мумкинлиги маълум қилинганди.