Тошкентда ичида 43 нафар ишчи бўлган ётоқхона ёниб кетди
Тошкент шаҳри Сергели туманида 29 ноябрь куни ичида 43 нафар ишчи бўлган ётоқхонада ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа соат 05:05 атрофида туманнинг Нилуфар 3-тор кўчасидаги ишчилар ётоқхонасида юз берган. Аниқланишича, ҳаво-газ аралашмаси чақнаган ва ёнғин содир бўлган.
Ҳодиса жойида 43 нафар ишчи бўлган, улардан 18 нафари ҳар хил турдаги куйиш тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Шу билан бирга, ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилган.
Қайд этилишича, ётоқхонага 4 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб бориб, ёнғин соат 05:43 атрофида батамом ўчирилган. Бунинг тафсилотларини ўрганиш учун шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида Тошкент шаҳар ФВБ, ИИБ, ССБ, «Ҳудудгаз» таъминоти раҳбарларидан иборат тезкор тергов гуруҳи ташкил этилган.
Аввалроқ Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги газ «заправка»да портлаш содир бўлгани хабар қилинганди.