Тошкентда ичида 43 нафар ишчи бўлган ётоқхона ёниб кетгани бўйича қўшимча маълумот берилди
Тошкент шаҳри Сергели туманида 29 ноябрь куни ичида 43 нафар ишчи бўлган ётоқхонада ёнғин содир бўлгани хабар қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Маълум қилинишича, воқеа соат 05:05 атрофида туманнинг Нилуфар 3-тор кўчасидаги ишчилар ётоқхонасида юз берган. Аниқланишича, ҳаво-газ аралашмаси чақнаган ва ёнғин содир бўлган. Ҳодиса жойида 43 нафар ишчи бўлган, улардан 18 нафари ҳар хил турдаги куйиш тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Шу билан бирга, ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилган.
Таъкидланишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳодисада жабрланганларнинг саломатлигини жиддий назоратга олган. Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғиндан жабрланганларнинг барчаси эркак киши бўлиб, уларнинг 10 нафари реанимация бўлимида даво муолажаларини олмоқда.
Аввалроқ Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги газ «заправка»да портлаш содир бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги уйларнинг бирида ҳаво-газ аралашмаси сабаб портлаш юз бергани маълум бўлганди.