Афғонистоннинг Жоузжон вилоятида яшовчи этник ўзбеклар ҳамда туркманлар мажбурий кўчирилаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «Sputnik Афғонистон»

Таъкидланишича, Жоузжон вилоятининг Қуш-Тепа туманида яшовчи бир қатор ўзбек ва туркманларнинг  уйи «Толибон» ҳаракати кўмагида кўчманчиларга берилмоқда.

Аҳолининг сўзларига кўра, уларнинг кўчмас мулкидан ташқари машина ва тракторлари ҳам олиб кетилган, қаршилик кўрсатмоқчи бўлганлар эса «Толибон» ҳаракати аъзолари томонидан ҳибсга олинган ва калтакланган. Қайд этилишича, олдинроқ худди шундай ҳаракатлар ҳазораларга қарши, хусусан, Қандаҳор ва Дайкунди вилоятларида қайд этилган.

Аввалроқ «Толибон» Афғонистонда ўзбек тилининг расмий тил мақомини бекор қилгани айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Афғонистонда ўзбек тилининг расмий мақоми бекор қилинганига муносабат билдирган ҳамда Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги мактаб дастурларидан ўзбек тили чиқариб ташлангани айтилган хабарларга изоҳ берган.