Ноябрь ойи ҳам ниҳоялаб қолди ва «Bugun Science» ўз анъанасига мувофиқ равишда, якунланиб бораётган ойнинг энг муҳим илмий хабарлари дайжестини тақдим қилади.

Ой бошида илм-фан оламида катта муҳокамаларга сабаб бўлган энг қизиқ янгиликлардан бири Марсда органик моддалар топилганлиги бўлди. Албатта, Марсда органика аниқланиши аввал ҳам қайд этилган, шу сабабли ҳам ушбу хабарни сенсация дейиш қийин. Бу сафар қўшни сайёрадаги органик моддаларнинг қолдиқларини «Curiosity» марскезари топган. Топилма Марснинг Багнолд қум тепаликлари деб номланадиган ҳудудидаги тупроқ намуналаридан аниқланган бўлиб, олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, Марснинг бу қисмида органик моддаларнинг йирик «захираси» бўлиши мумкин экан. Тадқиқот ҳақида 2 ноябрь куни «Nature Astronomy» журнали хабар берган. Олимлар ушбу органикани чуқурроқ тадқиқ қилиш орқали қизил сайёрадан ҳаёт аломатларини излаб топишни режа қилишган.

Фото: «NASA»

Ушбу ойнинг яна бир муҳим илмий-техник хабари эса Хитой олимлари томонидан яққол квант устунлиги қайд этилганлиги билан боғлиқ бўлди. Эслатиб ўтамиз, квант устунлиги деганда, оддий компьютерлар бажариши учун йиллар, ҳатто ўн йиллар керак бўладиган мураккаб ҳисоблаш амалиётларини квант компьютери томонидан тезкорлик билан бажара олиш қобилияти тушунилади.

Дунёнинг турли бурчакларида квант компьютерларини яратиш билан шуғулланаётган илмий лабораториялар ва тадқиқот марказлари ўз экспериментал ишланмаларининг айнан шу жиҳати билан мақтанишини хуш кўришади. Чунки, ҳақиқатан ҳам, ҳозирча «ушалмас орзу» бўлиб турган оммабоп квант компьютерларини яратишда, масаланинг айнан шу жиҳати, яъни квант компьютерининг оддий компьютерлардан ва ҳатто суперкомпьютерлардан устунлик жиҳатларини асослаш талаб этилмоқда.

Фото: «IBM»

Ҳозирги пайтда мураккаб технологик ечимларни талаб қилаётган ва шу сабабли ҳам ўта қимматга тушаётган прототип квант компьютерлари келгусидаги квант компьютерлари эраси учун фундамент бўлиб хизмат қилиши тайин. «Physical Review Letters» журналида берилган мақолада келтирилишича, квант технологиялари соҳасидаги Хитойнинг етакчи олими бўлмиш Цзян Вэй Пан бошчилигидаги иккита илмий гуруҳ ўз техник ечимлари орқали яққол квант устунлигига эришган. Уларнинг «Zuchongzhi» номли 66 кубитли квант процессори бозон семплинги билан боғлиқ масаланинг эҳтимоллик кўрсаткичини замонавий энг кучли суперкомпьютердан кўра 10²⁴ марта тезроқ аниқлашга муваффақ бўлган.

Илм-фанга тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаса-да, ноябрь ойида илмий нашрларда чоп этилган фан билан боғлиқ қизиқ бир хабар кўпчиликнинг эътиборини тортди. Сиз Галилейнинг «Eppur si muove», яъни «у барибир айланади!» деган машҳур ибораси ҳақида, албатта, эшитган бўлсангиз керак. У олимни Ер айланади деган фикридан қайтариш мақсадида черков ўтказган тайзиқларига жавобан қилган хитоби эди. Яъни, Галилей, черков корчалонлари истайдими-йўқми — Ер барибир айланишини айтмоқчи бўлган.

Замонавий илм-фаннинг шубҳасиз, энг даҳо олимларидан бўлмиш Альберт Эйнштейннинг ҳам шунга ўхшаш хитоби бор эди. Фақат Эйнштейн черковга хитобан эмас, ўзининг ҳали сабабини тушунолмаган хатосига нисбатан ибора қўллаган. У Меркурий сайёрасининг орбитал ҳаракатидаги оғишларни асослаш мақсадида 1913–1914 йилларда дўсти ва илмий ҳамкори Мишель Бессо билан биргаликда қатор изланишларни ва мураккаб ҳисоб-китобларни олиб борган. Бу пайтда ҳали Умумий нисбийлик назариясини яратмаган эди.

Натижада қоралама ҳисоб-китоблардан иборат 54 саҳифалик каттагина қўлёзма-манускрипт юзага келган. Қўлёзма саҳифаларининг четларида Бессо ва Эйнштейн бир-бирининг фикрларига нисбатан изоҳлар ёзиб қолдиришган. Бессо ва Эйнштейн ҳар қанча уринишларига қарамай ўшанда Меркурий орбитасига оид аномалияларнинг сабабини аниқлай олишмади. Қўлёзма эса Бессонинг тортмасида анча вақт чанг босиб қолиб кетди ва унутилди. Фақат орадан 1 йил ўтиб Эйнштейн ўз ҳисоб-китобларидаги хатоларни пайқади ва шу тариқа замонавий илм-фаннинг энг марказий илмий назарияси бўлмиш Умумий нисбийлик назарияси барпо этилди!

Ўша қўлёзма четларидаги изоҳлардан бирида Эйнштейн ўзига ўзи нисбатан хитоб қилиб, «stimmt!», «stimmt!» деб ёзган эди. Унинг маъноси «У ишлаяпти!» дегани бўлган. Эҳтимол, олим ўзи қилган кашфиётдан ҳаяжонланиб шундай энтиккан бўлса керак. Хуллас, унинг ўша, эҳтимол ҳаётидаги энг асосий қўлёзмаси шу ойда Парижда ўтказилган кимошди савдосига қўйилди ва оз эмас, кўп эмас — нақ 13 миллион долларга сотилди!

Фото: «Getty Images»

Ноябрнинг эътиборга молик яна бир илмий-техник муждаси шу бўлдики, ваниҳоят узоқ кутилган парвоз — Жеймс Уэбб телескопининг коинотга чиқарилиши санаси аниқ бўлди. Бу ҳақда NASA раҳбарининг ўринбосари Томас Зурбухен хабар берган. Унга кўра, 1990 йилдан бери орбитада ишлаб турган «Habbl» космик телескопининг ўрнини босиши керак бўлган ушбу янги авлод орбитал телескопи жорий йилнинг 22 декабрида парвозга чиқарилади.

Телескоп «Ariane-5» элтувчи ракетаси ёрдамида Куру космодромидан учирилади. Жеймс Уэбб телескопи «Habbl»дан кўра анча мукаммал ва замонавий техник ечимларга эга бўлиб, унинг воситасида инфрақизил нурлар диапазонида ҳам кузатувлар олиб бориш мумкин бўлади. Олимлар ушбу телескоп воситасида Коинот яралган энг дастлабки пайтлардаги галактикаларнинг ва юлдузларнинг нурларини кўришни ҳамда нисбатан совуқ экзосайёраларни аниқлашни режа қилишган.