Дунёда иқлим ўзгариши оқибатида кўчишга тайёрланаётган биринчи давлат маълум бўлди
Тувалу (Океания) ташқи ишлар вазири Саймон Кофе БМТнинг иқлим бўйича саммитидаги мурожаатида агар давлатни сув босса, аҳоли бошқа ҳудудга кўчиб ўтишини айтди. Бу ҳақда у «Lenta.ru»га берган интервьюсида хабар берди.

Маълум қилинишича, сиёсатчи мурожатини тиззасигача сувда туриб эълон қилган. Ҳозирда Тувалу ҳукумати глобал исиш туфайли юзага келган энг ёмон сценарийни кўриб чиқмоқда. Жумладан, орол ҳудуди жаҳон океанлари томонидан сув остида қолиши ва яшаш учун яроқсиз бўлиши қайд этилган.
Таъкидланишича, агар шундай бўладиган бўлса, Тувалу иқлимий офатлар туфайли бошқа жойга кўчирилган дунёдаги биринчи давлатга айланади. Беш мингга яқин Тувалу аҳолиси аллақачон Янги Зеландияга кўчиб ўтган. «Айни пайтда бу кўрсаткич давлатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этади», — деган Кофе.
Шунингдек, у мамлакат бу каби вазиятга ҳозирданоқ тайёргарликни бошлаганини айтган. Расмийлар масалани халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳал қилишга уринмоқда.
«Биз ҳудудимизни йўқотиб қўйсак ҳам, Тувалуни тан олишлари учун ҳаракат қиламиз. Шунингдек, бошқа жойда бўлсак ҳам, биргаликда ҳаракат қилишда давом этишимиз учун рақамли миллат яратишимиз мумкин бўлган технологияларни муҳокама қилмоқдамиз», — деган вазир. Ушбу чора-тадбирлардан бири сифатида Тувалу барча жараёнларни рақамлаштиришни режалаштирмоқда, шунда аҳоли онлайн хизматлардан фойдаланиши мумкин.
Аввалроқ олимлар иқлим ўзгаришининг яна бир оқибатини аниқлаганди. Шунингдек, Ердаги ҳаётга таҳдид солаётган энг асосий хавф маълум бўлганди.