Исроил мудофаа кучларининг бригада генерали Ран Кохав Қуролли кучлар Эронга қарши чора кўришга тайёрлигини ва улар мумкин бўлган сценарийларга тайёргарлик кўраётганини айтди. Бу ҳақда «Arutz Sheva» хабар берди.

Фото: Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати

Маълум қилинишича, генерал баёноти 30 ноябрь куни Венада бўлиб ўтган ядровий музокаралар фонида эълон қилинган. «Мен сиёсат тафсилотларига тўхталмайман, лекин олдин айтганимиздек, биз барча сценарийларга тайёрланяпмиз. Тайёргарлигимиз даражасини оширдик, ҳарбий ва оператив соҳалар Эроннинг шимолий майдонда ўзини ўрнатишига тўсқинлик қилишда ҳам, унинг ядровий давлатга айланишига йўл қўймасликда ҳам биринчи ўринда туради», — деган у.

«Мен Эронга қарши режаларни тезлаштираётганимизни айтар эканман, айнан юқоридагиларни назарда тутаман», — дея қўшимча қилган бригада генерали.

Эслатиб ўтамиз, 29 ноябрда Эроннинг қуролли кучлари матбуот котиби генерал Абулфазл Шекарчи мамлакатнинг асосий мақсади Исроилни йўқ қилиш эканини айтганди. Бундан ташқари, генерал Бирлашган Араб Амирликлари, шунингдек, Баҳрайннинг Исроил билан муносабатларини нормаллаштириш ҳақидаги қарорини кескин танқид қилган. Генерал уларнинг позициясини Ислом Республикаси учун «чидаб бўлмас» деб баҳолаган.

Аввалроқ Фаластиндаги Ҳамас гуруҳини Эрон молиялаштириши маълум қилинганди. Шунингдек, Эрон душманларни огоҳлантириш мақсадида ҳарбий машқлар ўтказиши хабар берилган.