Янгиликлар - 9:24 · 30.11.2021

Миллий гвардияга жамоат тартибини сақлашга оид яна бир ваколат берилади

Президент фармони билан Миллий гвардияга жамоат тартибидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, жамоат тартибини сақлаш соҳасида содир этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органлари билан бир қаторда Миллий гвардияга берилади. Президент фармони асосида Миллий гвардия (Рустам Жўраев) ва Адлия вазирлиги (Руслан Давлетов) биргаликда бир ой муддатда бу бўйича қонун лойиҳасини киритиши белгиланди.

Қайд этилишича, 2022–2023 йилларда туман ички ишлар органлари таркибидаги конвой бўлинмалари босқичма-босқич вилоят ички ишлар органларининг бевосита бўйсунувига ўтказилиб, ягона бошқарув тизими асосида қайта ташкил этилади. Шунингдек, 2022 йилда Наманган, Фарғона, Андижон ва Сурхондарё вилоятларидаги, 2023 йилда Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизмат кенгайтирилади.

Аввалроқ Миллий гвардия ходимларининг хизмат ўташ тартиби белгилангани хабар қилинганди.

Bugun — LIVE