11:12 | 30.11.21 43

Осиёнинг икки давлати ўртасида Афғонистон билан боғлиқ можаро келиб чиқди

Томонлар ҳолат юзасидан муносабат билдирди

Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Афғонистонга буғдой етказиб бериш борасида келишмовчилик юзага келди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «CNBC»

Маълум қилинишича, Покистон Ҳиндистонга ўз ҳудуди орқали Афғонистонга гуманитар ёрдам сифатида 50 минг тонна буғдой ташишга рухсат берган. Муаммо эса юк ташиш машиналаридаги аксессуарлар, хусусан, байроқчалар сабаб юзага келган.

Таъкидланишича, Покистон БМТ байроғи билан ўзиникини таклиф қилган, аммо Ҳиндистон уларнинг ҳинд ёки афғон байроғи бўлиши кераклигини талаб қилмоқда. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ариндам Багчининг айтишича, Покистон инсонпарварлик ёрдамига ҳеч қандай шарт қўймаслиги керак.

Покистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Ҳиндистон гуманитар ёрдамдан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринмоқда. Бундан ташқари, Покистоннинг огоҳлантиришича, рухсатнома махсус ҳолатлар ва фақат гуманитар юклар учун берилади, аммо Покистон ҳудуди афғон-ҳинд савдоси учун ёпиқ бўлишда давом этади.

Аввалроқ Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги уруш эҳтимоли баҳоланганди. Шунингдек, Ҳиндистон ва АҚШ Хитой чегараси яқинида қўшма машғулот бошлаганди.