Янгиликлар - 22:17 · 30.11.2021

Ўзбекистон делегацияси Афғонистон муваққат ҳукумати билан музокара ўтказди

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация 30 ноябрь куни Кобулда Афғонистон муваққат ҳукумати вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, музокаралар мамлакатнинг Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти, Ташқи ва Ички ишлар, Жамоатчилик, Энергетика ва Иқтисодиёт вазирликларида олиб борилган. Учрашувларда мамлакатдаги вазият, Афғонистон халқига инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Таъкидланишича, Афғонистон муваққат ҳукумат вакиллари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга синовли даврда афғон халқини фаол қўллаб-қувватлаётгани, мамлакатда тинчлик ўрнатилишига кўрсатаётган ёрдами, янги ҳукумат томонидан афғон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, Ўзбекистон томонидан электр энергиясини узлуксиз етказиш, Ўзбекистон–Афғонистон давлат чегараси иш тартибини давом эттириш, Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, инсонпарварлик ёрдамини ўз вақтида кўрсатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берилган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Афғонистон томони Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон–Пули–Хумри электр узатиш линияси ва Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлигини тасдиқлаган. Бу лойиҳалар мамлакатни минтақавий жараёнларга босқичма-босқич жалб этишнинг асосий омилига айланган интеграция ва ўзаро боғлиқликка хизмат қилиши айтилган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари, Афғонистон вакиллари мамлакат ҳудудидан Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига, шунингдек, бутун дунёга заррача таҳдид солинмаслигини таъкидлаган. Афғонистоннинг янги ҳукумати Ўзбекистон билан биргаликда икки мамлакат халқларининг аждодлари — Алишер Навоий (Ҳирот), Заҳириддин Муҳаммад Бобур (Кобул), Абу Райҳон Беруний (Ғазна) ва Бобораҳим Машраб (Таҳор) қабрлари жойлашган ҳудудларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, улар мамлакат мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилган. Учрашувда Афғонистон томони минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ва икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида Ўзбекистон билан биродарлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш йўналишини бундан кейин ҳам давом эттиришда қатъий эканини тасдиқлаган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг «Толибон» ҳукуматини тан олиш шартлари маълум қилинганди. Шунингдек, мамлакат «Толибон» бўйича халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилган.

Bugun — LIVE