Ўзбекистон ва Жанубий Корея махсус бўлинмалари ўртасида қўшма машғулот ўтказилади
Ўзбекистон Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги махсус бўлинмаси ҳамда Жанубий Корея полицияси махсус бўлинмаси ўртасида қўшма машғулот ўтказилади. Бу ҳақда «Dunyo» ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Корея миллий полиция агентлиги махсус бўлинмаси мутахассислари икки томонлама ҳамкорлик тарихида биринчи марта Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳуқуқ-тартибот идоралари махсус бўлинмаларининг қўшма машғулотида иштирок этиш учун 29 ноябрь куни Ўзбекистонга келган.
Қайд этилишича, 2021 йилда икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ўртасида ўтказилган бир қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар якунига кўра, ўзаро тажриба алмашиш ва терроризмга қарши амалий вазифаларни ишлаб чиқиш мақсадида томонлар қўшма аксилтеррор машғулоти ўтказишга тайёр эканини тасдиқлаган.
Шунга мувофиқ тарзда 29 ноябрдан 5 декабргача Ўзбекистон ҳудудида терроризмга қарши кураш бўйича қўшма машғулотлар ўтказишга келишилган. Таъкидланишича, томонлар қўшма тадбирнинг барча ташкилий масаласи бўйича келишган, машғулотлар режасини, шунингдек, унга жалб қилинган куч ва воситалар миқдори тасдиқланган.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари қўшма машғулот ўтказгани хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳарбийлари Буюк Британия базаларида малака ошириши маълум қилинганди.